Мен тушунмадим Kun.uz айни тил масаласида миллий идентит — ўзлик бўйича баҳс мунозара кучайган, одамлар давлат тилини бир чет эл сиёсатчиси аралашувидан жон олиб, жон бериб ҳимоя қилаётган бир пайтда Интернет тармоғининг ўзбек сегментидаги энг кенг аудиторияли, катта таъсир кучига эга бўлган нашри нега Англияда яшаётган асли ўзбекистонлик педагог Мардон Юсуповнинг ўғли Имрон иштирокидаги “Ўзимни кўпроқ британияликман деб ҳис қиламан” сарлавҳали суҳбатни эълон қилди.
Лондонда туғилиб вояга етган, отаси ўзбек бўла туриб она тилида гаплашишга қийналадиган ва буни ҳеч бир истиҳоласиз айтаётган жўжиқнинг суҳбатини оммага эълон қилишдан муддао нима? Бу “Kun.uz”ча космополитликми ёки бу ҳаракатларнинг ортида кимдир борми? Наҳотки бу сайт фаолияти бошқа давлат манфаатини ҳимоя қилишга йўғрилган бўлса?!
Улар («Kun»чилар) бу билан ўзимизнинг ўзбекларнинг ҳам она тилимиз, Ватанимизга муносабати шу, тилни ҳимоя қилиш керак эмас, дея Марияхонимни дастакламоқчими? Тушуниш қийин…
Энди шундай ёқимсиз бир тахмин туғиладики, Захарова баёнотида «Биз юқорида тилга олинган қонун лойиҳаси туфайли оммавий ахборот воситаларида юзага келган муҳокамага эътибор қаратдик. Шундай таассурот туғиладики, унинг тарафдорлари аниқ кам» дея эътироф қилганида шу ҳамкасбларимизниям ҳисобга олмадимикан, у ёқда миллатини, тилини сотадиган ва бунга халқни тарғиб қиладиган айғоқчиларимиз кўп, деган собит ишончга бормадимикан? Масала мана шунда!
Холли Норбой,
журналист.