Президентимиз томонидан куни-кеча қабул қилинган «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони фуқароларнинг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлашда, одил судловга эришишда қолаверса, қонуний суд қарорларини қабул қилишда муҳим аҳамият касб этади. Ушбу Фармон суд-ҳуқуқ ислоҳотларни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш ва мавжуд муаммолар ечимига қаратилгандир.
Барчамизга маълумки, ҳозирга қадар вилоят даражасида фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича, маьмурий ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар мавжуд эди. Мазкур Фармон билан мазкур судлар бирлаштирилиб, судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда умумюрисдикция судлари ташкил этилади.
Эндиликда, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиниши назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш белгиланмоқда. Энг мухими, маъмурий судлар маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга янада кучлироқ ихтисослашишига имкон бўлади. Бу эса, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишига бундан кейин ҳам катта эътибор қаратилишини таьминлайди.
Шуни ҳам алоҳида таькидлаш жоизки, суд томонидан тегишли қарор қабул қилиб бўлинган сўнг суд ишларини прокурор томонидан ўз ташаббусига кўра чақириб олиб ўрганиш амалиёти мавжуд эди. Эндиликда эса, Фармон билан прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганиш тизими жорий қилинмоқда. Бу эса прокурор ваколатини маълум маънода қисқариши, прокурорнинг ўз ташаббусига кўра суд ишларини ўрганиш амалиётига ҳам барҳам берилади.
Фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурорнинг судда иштироки ҳам камаяди, жумладан, қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш ҳоллари ҳам назарда тутилган.
Фармон билан фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурорнинг судда иштирокининг қисқартирилиши хусусий-ҳуқуқий муносабатлар доирасидаги низоларнинг тарафлар ўртасида, прокурор аралашувисиз, ўзаро ҳал қилиниши имкониятларини ҳам кенгайтиради.
Ушбу Фармон билан судьялар мақомини кучайтиришга қаратилган бир қанча янгиликлар назарда тутилган. Жумладан, барча судьялар ва суд аппарати ходимларининг иш ҳақи ва қўшимча тўловлари тўлиқлигича давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштиришга ўтказилмоқда. Шунингдек, судьяларга нисбатан интизомий иш фақат судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари томонидан қўзғатилишини назарда тутган ҳолда, судьяларнинг интизомий жавобгарлиги, интизомий ишни қўзғатиш ва кўриб чиқиш тартиби такомиллаштирилмоқда ҳамда судьялар ваколатларини тўхтатиб туриш, шунингдек, тугатиш асослари ва тартиби янада аниқлаштирилмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Фармонда назарда тутилган янгиликларнинг амалиётга жорий этилиши билан судьялар мустақиллиги еучаяди, одил судловни амалга ошириш самарадорлиги янада ошади.
Алишер Жалилов,
Жиноят ишлари бўйича Бойсун туман судининг раиси