Албатта, ҳар ишда бўлгани каби интернетда ишлаш ва ижтимоий тармоқларда мулоқот қилганда ниятни тўғри қилиш керак бўлади. Интернет тармоғидан фойдаланганда қонун билан ман қилган нарсалардан четда бўлиш асосий қоида бўлиши зарур.
Гап шундаги, жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди томонидан ЖКнинг 159-моддасининг 1-қисми ва 2441-моддаси 3-қисмининг “г” банди билан боғлиқ жиноят иши кўрилди.
Иш ҳужжатларига кўра, судланувчи А. А. (эркак киши) интернет жаҳон ахборот тармоғининг “odnoklassniki.ru” ижтимоий тармоғида “Бобур)))” номи билан профилни рўйхатдан ўтказиб, мазкур профилдан фойдаланиши давомида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита экспертизасининг хулосасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга хизмат қиладиган диний экстремистик видеоматериалга “Класс” баҳосини босиш орқали вертуал дўстларига тарқатган.
Судда, судланувчи А. А.у бу ишларни тушунмай содир этгани, бугунги кунда қилмишидан пушаймонлиги, қилмишининг оқибатини тушуниб етганлиги, қарамоғида 2 нафар фарзанди борлиги, оилавий шароитини инобатга олиб унга нисбатан қонуний енгиллик бериш тўғрисида кўрсатув берди.
Суд томонидан судланувчи А.А. нинг муқаддам судланмаганлиги, аёл киши эканлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини инобатга олиб, унга Ўзбекистон Республикаси ЖК 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан, узил-кесил 5 (беш) йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Судланувчи А. А. ўтказилган тергов ва суд жараёнларида ўзига тегишли хулоса чиқариб олгандир, бу ҳолат қолган фуқароларимиз учун дарс бўлишини хоҳлардик, чунки ҳар қандай ижтимоий хавфли қилмиш учун жавобгарлик назарда тутилган.
Интернет тармоғидан фойдаланганда шу каби жиноятларни содир қилмасликка чақирамиз.
Дилноза Хонбўтаева
Жиноят ишлари бўйича
Зарафшон шаҳар судининг раиси