Бугунги кунда ишсиз ва имконияти чекланган, ёрдамга мухтож хотин-қизларни жамиятда ўз ўрнини топиши учун “Аёллар дафтари” яратилган. Шу асосида уларнинг бандлиги таъминланиши учун қатор имтиёзлар ҳам яратилган. Бу имкониятлардан аёллар фойдалана олишмоқдами? “Аёллар дафтари” асосида ҳокимлик жамғармасидан хотин-қизларга берилаётган кўмак ҳақида маълумотларни аҳоли биладими? Ушбу саволларга қизиқиб тахминлар билан маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш шаҳар бўлимига йўл олдим. Мени қизиқтирган саволларнинг барчасига шу ерда жавоб олдим.
“Аёллар дафтари” асосида Хотин-қизлар ҳокимлик жамғармасидан кўмак олаётган аёллар ҳақида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш шаҳар бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Меҳринисо Кенжаева қуйидаги маълумотларни айтиб ўтди.
- Термиз шаҳарда “Аёллар дафтари”га 3 минг 639 нафар хотин-қизлар 9 тоифа бўйича киритилди. Шу кунга қадар 3639 нафар хотин-қизларга ёрдам кўрсатилди. Бандлиги таъминланган 962 нафардан киритилган бўлиб, шундан 514 нафари бандлиги таъминданди. Касб-хунарга ўқиш истагини билдирган 414 нафар касбга ўқитилди. Кредит олиб ўз тадбиркорлигини бошлаш истагида бўлган 869 нафар аёллардан 584 нафарига тижорат банклари томонидан 14 млрд 574 млн сўм миқдорда кредит ажратиб берилди. Жорий йилнинг июл ойига қадар (173 нафар) 78 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 1-гуруҳ ва 2-гуруҳ ногиронлари, 95 нафар қарамоғида 1 ёки 2 нафар ногирон фарзандлари мавжуд аёллардан ташқари “Аёллар дафтари”га киритилган 3466 нафар хотин-қизларга моддий-маънавий кўмак бериш орқали “Аёллар дафтари”дан чиқарилади.
Ушбу статистикага назар ташлаб олиб борилаётган кенг ишлар самараси нега халиям халққа етиб бормаётгани мени қизиқтирди. Шу холатда ёрдам олган хотин-қизлар фаолиятини кўриш учун бир қатор манзилларга йўл олдим.
Илк манзил Термиз шаҳридаги Мангузар маҳалласи. Ушбу маҳаллада “O’zmilliy bank” AЖ ва Термиз шаҳар ҳокимлиги кўмагида нон ва нон махсулотлари ишлаб чиқариш корхонасини ташкил қилинган. Корхонани фаолиятини йўлга қўйиш ғояси шу ерлик Фароғат Нуриддиновадан чиққан. Аммо узоқ йиллар маблағ етишмагани учун ишини йўлга қўя олмаган экан. Кўмак асосида бугун эса ўз ишини йўлга қўйди. Бу орқали 10 та иш ўрнини яратди. Ўзи қатори ишсиз аёлларни иш билан таъминлаган Фароғат опа сифатли нон маҳсулотлари ишлаб чиқармоқда. Шу билан бирга қандолатчилик махсулотларини ҳам ишлаб чиқаришни йўлга қўйган бўлиб, турли хилдаги ширинлик дастурхонимизга боришдан олдин айни шу ерда тайёрланмоқда.
Шаҳарнинг бошқа бир қисмида яъни “Боғишамол” маҳалласида яшовчи Хайринисо Назарова ҳам қандолатчилик цехини айни кўмак асосида очган. Турли хилдаги ширинликларни тайёрлаб, сотмоқда. Ўз ҳунарини ўргатиш учун шогирдлар ҳам олган. Нияти даромад асосида ишини кенгайтириш ва иш кўлами ҳамда ўзи каби хотин-қизларни иш билан таъминлаш. Кунлик буюртма хажми эса кундан кунга ортмоқда. Хайринисо опа тайёрлаган сифат жиҳатидан аъло даражадаги пишириқлар аҳолига бугунги кунда манзур келмоқда.
Тикувчилик касбини эгаллаган ва бугунги кунда иш қидириб юрган хотин-қизлар ҳам “Аёллар дафтари”да йўқ эмас. Уларни иш билан таъминлаш мақсадида “Amudar textile” МЧЖ корхонасига йўналтирилган. Жойларда ўтказилган сухбатларда иш излаб юрган аёллар мурожаати ижобий хал қилинди. Улар каби бугунги кунда 200 нафар хотин-қизлар айни шу корхонада мехнат қилмоқда ва даромад олмоқда.
Мастура Хамраева