Мен ўз режаларимни айтаман, ажратилган пуллар ҳам тайёр, лекин сизларда ҳам таклифлар бўлса, эшитишга тайёрман. Чунки тоза ичимлик суви йўқлиги, кўплаб касалликларга сабаб бўляпти, айниқса жигарга катта зарар келтиряпти. Келгуси беш йилда вилоятда 1 минг 700 километр ичимлик сув тармоқлари ва 96 та сув иншоотлари барпо этилади.
Аниқ мисоллар билан айтадиган бўлсак, мегалойиҳа – “Тўпаланг” сув омборидан Термизгача 361 километр узунликдаги магистрал сув тармоғи қурилади. Бунга 138 миллион доллар ажратамиз.
Шу билан бирга, Музработ, Шеробод туманларида ичимлик суви таъминоти яхшиланади, Термиз шаҳрининг оқова сув тизими реконструкция қилинади ҳамда Сариосиё, Денов, Жарқўрғон, Музработ, Шеробод, Қумқўрғон, Олтинсой, Шўрчи туманларида оқова сув тизимлари қурилади.
Умуман, марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 57 фоиздан 80 фоизга етказилади ва 800 минг нафар аҳоли илк бор тоза ичимлик суви билан таъминланади, 870 минг нафар аҳолининг сув таъминоти яхшиланади, канализация хизмати билан таъминланиш даражаси 4 фоиздан 22 фоизга етади. Бу мақсадларга 5,5 триллион сўм маблағ йўналтирамиз.
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan