Шавкат Мирзиёев мигрантларга даромад солиғини солиш бўйича мулоҳазасини билдирди:
- Вилоятдан чет элга кетиб, меҳнат қилаётган фуқароларимиз имкон қидириб кетишган. Имкон қидирган одам фидойи одам бўлади. Ижтимоий тармоқларда четда юрадиганларни даромад солиғини тортиш ҳақида гап чиқди. Бу мутлақо асоссиз гаплар. Мен, Худо насиб қилиб, раҳбар бўлиб ишласам, бундай бўлмайди. Улар ўзига ва оиласига имкон яратяпти, ўзини иш билан таъминлаяпти, оиласини боқяпти. Уларни мен ўз фарзандларим деб биламан. Ўтган вақтда биз ҳам уларни қўллаб-қувватлаш учун чоралар кўряпмиз.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида алоҳида департамент очилди. Уларнинг ҳаёти ва шароитини яхшилаш, касбга ўргатиш учун ҳаракатлар қилиняпти.
Аҳолимизга мурожаат қилиб айтмоқчиман: кўнглингиз тўқ бўлсин, Ўзбекистонда сизга имкон яратиш, (хорижда) тўлаётган cолиқларингизни камайтиришга ҳаракат қиламиз. Миграция масаласи бўйича Россия ҳукуматига кўп мурожаат қиляпмиз.
Давлат, миллат, президент уларга оталик қилиши вазифадир. Уларнинг оғирини енгил қилишга ҳаракат қиламиз. Ўйлайманки, бу адолат намунаси бўлади.
“Мусофир бўлмаган мусулмон бўлмайди” дейишади. Мен фидойи фарзандларимизга мурожаат қилмоқчиман – кўнгилларинг тўқ бўлсин! Биз янги солиқ яратиш эмас, имкон қадар солиқларни камайтириш тўғрисида ўйлаймиз. Мен кеча МДҲ давлатлари йиғилишида ҳам мигрантлар масаласини кўтардим, уларнинг хавфсизлиги, соғлиги бўйича таклифларимни айтдим. Энди улар биздан ишчилар жўнатишимизни сўрашяпти. Мен улардан юртдошларимизни ўқитишларини ва муносиб иш беришларини сўраяпман”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan