Баъзан хотин-қизларимизга уйдан чиққан заҳоти “дазмолни ўчирдингизми” ёки “газ ёниқ қолмаганмиди” деб савол берсангиз, кўпчилиги аниқ жавоб айтишга иккиланиб қолади.
Гоҳида бирор буюмни қаерга қўйганимизни эслолмай, хуноб бўлишимиз ҳам рост. Ҳатто таниш-билишлари, яқинлари исмини “тилимнинг учида турибди-я” дея хотирлай олмайдиганлар бор орамизда.
Хўш, буларнинг бари хотира пасайиши аломатими?
АҚШнинг кексайиш муаммолари билан шуғулланувчи институти олимлари бу ҳақдаги илмий хулосаларини “Eat This! Not That!” порталида эълон қилди. Унда қайд этилишича, ниманидир унутиб қўйиш ёки эслай олмаслик — нормал ҳолат.
“Ёш ўтиши билан тананинг барча аъзолари, шу жумладан, мияда ҳам ўзгаришлар юз беради. Оқибатда одамлар янги нарсаларни ўрганиш учун кўпроқ вақт сарфлашига тўғри келади. Улар энди маълумотни яхши эслай олмай қоладилар “, — дейди америкалик шифокорлар.
Хотира сусайишига уйқусизлик, депрессия, дори воситаларининг ножўя таъсири, спиртли ичимликлар истеъмоли ва бош жароҳати сабаб бўлиши мумкин.
Қолаверса, бундай ҳолатлар организмда B12 витамини етишмовчилиги ёки енгил когнитив бузилиш туфайли ҳам юзага келади.
Шифокорлар хотирани йўқотиш ҳар доим ҳам деманс (хотира йўқолиши ва фикрлаш қобилияти пасайиши билан боғлиқ мия касалликлари) белгиси эмаслигини таъкидлайдилар.
Чунки ушбу хасталик янги маълумот ёки воқеаларни эслаб қололмаслик билан боғлиқ муаммолар, мулоқотдаги қийинчиликлар, масалан, тўғри сўзларни тополмаслик каби ҳолатларда намоён бўлади. Бу касалликка чалинган одам ўзига ёд бўлиб кетган манзилда ҳам йўқолиб қолиши мумкин.
Шу ўринда яна бир эслатма: аввалроқ Жанубий Австралия университети олимлари кофени меъёрдан кўп истеъмол қилиш келажакда мия ҳажми кичрайиб, деманс хавфи ортишига сабаб бўлишини аниқлаганди.
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan