Сурхондарёнинг Наврўз байрами тантаналарига 150 мингдан ортиқ одам иштирок этди

Сурхондарёнинг Наврўз байрами тантаналарига 150 мингдан ортиқ одам иштирок этди

Сурхондарё вилоятининг асосий Наврўз байрами тантаналари “Ассалом, Наврўз — янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” деган ғоя асосида Термиз туманининг “Отчопар” мавзесида халқ сайли шаклида кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.

Термиз шаҳри, туманлар, йирик корхона-ташкилот ва муассасалар учун ажратилган қўрғонлар ўзига хос услубда безатилиб, у ерда фольклор жамоаларнинг чиқишлари, этноспорт ўйинлари, баҳорнинг тансиқ таомлари, ҳунармандчилик буюмлари кўргазмалари, турли маданий-маърифий тадбирлар доирасида бахшилар, аскиячи ва қизиқчилар, дорбозлар ва ёш ижрочиларнинг чиқишлари намойиш этилди.

Эрта тонгдан бошланган халқ сайлларига 150 мингдан ортиқ воҳадошларимиз иштирок этишди.

Байрам муносабати билан катта кураш мусобақаси ташкил этилиб, унда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан, шунингдек, қўшни республикалардан ташриф буюрган полвонлар турли вазн тоифалари бўйича ўзаро куч синашишди. Мусобақада бош соврин учун 100 миллион сўм, жами 250 миллион сўм пул мукофоти қўйилди.

Байрам муносабати билан хайрия тадбирлари ҳам ўтказилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган 10 дан ортиқ оилалар фарзандларининг суннат тўйлари ҳам ўтказилди.

Катта саҳнада “Ўзбекнаво” гастрол бирлашмаси вилоят бўлими хонанда ва раққосаларининг чиқишлари, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Маҳмуд Намозов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Ҳосила Раҳимова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Лола Аҳмедова, эстрада хонандалари Шаҳноза Отабоева ва Дилафрўз Ҳайитметоваларнинг шўх-шодон куй-қўшиқлари тадбирга ўзгача файз бағишлади.

Тантанларда Турсунзода шаҳри, Шаҳринав ва Ҳисор туманлари ҳамда Хатлон вилоятининг Шаҳритуз ва Носир Хусрав туманлари раислари бошчилигидаги Тожикистон делегацияси, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани ҳокими бошчилигида бир гуруҳ фаоллар ва ёшлар ҳам иштирок этишди.

Динора Самадова, “Asrnews.uz” веб сайти мухбири.

Posts Carousel

Izoh qoldiring

Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan

Latest Posts

Top Authors

Most Commented

Featured Videos