Шерободда 200 МВт қувватли фотоэлектр
2019 йилнинг 16 август куни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги, Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги Осиё Тараққиёт банки билан давлат-хусусий шерикчилиги шартлари асосида умумий қуввати 1000 МВт гача бўлган ҳамда тахминий лойиҳа қиймати 800 миллион долларга тенг фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича маслаҳат хизматларини кўрсатишга доир битим имзолаган эди.
Келишувда камида 100 МВт қувватли фотоэлектр станциясини қуриш бўйича биринчи синов лойиҳасини амалга ошириш жойи сифатида Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани танланган.
Битимга мувофиқ, Осиё Тараққиёт банки маслаҳатчи сифатида кўрсатилган бўлиб, унга кўра банк томонидан лойиҳанинг концепцияси, молиявий модели, лойиҳавий-баҳолаш ҳужжати, электр энергияни харид қилиш тўғрисидаги битим тайёрланишини ташкиллаштириш ҳамда энергетика соҳасидаги етакчи мутахассисларни жалб этган ҳолда халқаро тендерни ўтказиши кўрсатилган эди.
Жорий йилнинг 1 февраль куни фотоэлектр (қуёш) станциясини қуриш бўйича биринчи пилот лойиҳаси бошлангани эълон қилинди.
20 февраль ҳолатига кўра, ушбу лойиҳага қизиқувчи компаниялар сони 30 тага етди. Булар соҳада кўп йиллик тажрибага эга етакчи хорижий компаниялар ҳисобланади. Компаниялар географиясига қарайдиган бўлсак, Хитой, БАА, Саудия Арабистони, Қатар, Ҳиндистон, Таиланд, Жанубий Корея, Туркия, Франция, Япония, Испания, Италия ва Миср каби давлатларидан вакилларни кўриш мумкин.
Маълумот учун: “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги янги қонун талабларига мувофиқ, малакали хусусий девелопер сармоядорларни танлаб олишга қаратилган ушбу халқаро танлов 2020 йил 22 февралига қадар давом этади. Лойиҳа амалга оширилишининг бошланиши 2021 йилга мўлжалланмоқда.
Лойиҳага кўра, амалга ошириш учун танлаб олинган Сурхондарё вилояти Шеробод туманида жойлашган майдонда 200 МВт дан кам бўлмаган ўзгарувчан ток қувватли фотоэлектр (қуёш) станцияси ҳамда 220 кВт кучланишли янги нимстанция ва кучланиши 220 кВт бўлган “Сурхон” нимстанциясига уланиш учун 52 километр узунликдаги электр узатиш линияси қурилади.
Қайд этиш керак, ОТБ Ўзбекистон ҳукуматига энергетика соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда, жумладан, 2013 йилда Қуёш энергияси институтини очишдан бошлаб, 2014 йилда қуёш энергиясини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган Йўл харитасини қабул қилиш, Энергетика соҳаси режасини ишлаб чиқиш каби қайта тикланувчи энергияни ривожлантириш, Ўзбекистоннинг қуёш энергияси имкониятларини баҳолашга доир тадқиқотларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиб келмоқда.
Шеробод тумани ҳокимлиги матбуот хизмати
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan