Радиожурналистлар фронтга мадад бўлсин деб икки сменада ишлаётган ишчилар ўз иш ҳақларининг бир қисмини, деҳқонлар сўнгги жамғармаларини фронт учун самолётлар, танклар ишлаб чиқаришга ҳадя этаётганлигини ҳамда Ўзбекистондан фронтга озиқ-овқат, кийим-кечак олиб кетаётганлиги ҳақида репортажлар бериб бордилар
Ўша даврнинг кучли тарғибот ва ташвиқот воситаси бўлган радиода марказдан рус тилида берилган хабарларни зудлик билан маҳаллий тилларга таржима қилиб етказиб турилган. Радио ходимлари Совет Ахборот бюроси хабарларини, “Сўнгги Ахборот” материалларини, “Правда” газетасининг бош мақоласи ва шарҳини қўлларига қалам олиб тинглардилар. Бу материалларни улар зудлик билан ўзбек тилига таржима қилиб, республика аҳолисига ҳар қандай ҳолатда ҳам етказиб турди. Москва радиоси орқали эшиттирилган энг муҳим материаллар асосида ўзбек радио журналистлари “Сўнгги соатда” номли эшиттириш остида юзлаб ахборот бердилар.
Бу йилларда халқ радиони ҳаяжон, умид билан тингларди. Чунки кимнингдир фарзанди, кимнингдир отаси, акаси, укаси, невараси фронтда жанг қилаётган эди. Айниқса, “Фронтдан хатлар”, “Фронтга хатлар” деган эшиттиришлар кенг халқ оммасининг эътиборини ўзига тортди. Бу фронт ва фронт ортининг ўзига хос мулоқоти эди. Ҳар куни радио даргоҳига кекса оталар, оналар келишарди. Улар: “Болам, қарагин, ўғлимдан хат борми?” ёки “Мен ҳам ўғлимга радио орқали хат юбормоқчиман, ёзиб бермайсанми, жон болам” деб мурожаат қилардилар.
Жонрид Абдуллахонов ўзининг “Ҳаёт абад васл айёмидир” номли китобида радионинг уруш йилларидаги фаолиятини алоҳида бир давр сифатида таърифлайди. Чунки радио халқни жанг майдонидаги воқеалардан муттасил хабардор қилиб турувчи бирдан-бир алоқа воситаси бўлган. Энг биринчи уруш қаҳрамонлари Қўчқор Турдиев, Тўйчи Эрйигитов, Владимир Карпов, биринчи ўзбек генерали Собир Раҳимовларнинг жасоратлари ҳам илк бор радио орқали таралган. Радио бундай қаҳрамонлар ҳақида доимий равишда хабар бериб турган. Жумладан, 1943 йили фарғоналик йигит Аҳмаджон Шукуровнинг кўрсатган мардликлари, унинг моҳир пулемётчилиги тўғрисидаги ҳикоялар радионинг асосий мавзуларидан бирига айланди. Радио орқали қаҳрамон Аҳмаджон Шукуровнинг Тошкентга келаётганлиги ҳақидаги хабарнинг эшиттирилиши Тошкент вокзалига уни бир бор кўриш истагида бўлган кишиларнинг йиғилишига сабаб бўлади. Улар орасида радиода сиёсий бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган Ҳаким Назир ҳам бўлиб, у Аҳмаджон Шукуровни шахсан ўзи радиога олиб келади. Уруш йилларида радио ходимларининг фаол ҳаракатлари аҳолини радиога бўлган қизиқишини янада оширди.
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan