9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги Сурхондарё вилоятида ҳам кенг нишонланмоқда.
Термиз шаҳридаги Хотира майдони. Мотамсаро она ҳайкали сиймосида даҳшатли урушда ҳалок бўлган фарзандлари ҳақида ўйлаб, нигоҳини бир нуқтага қадаганча ўтирган мушфиқ она чуқур қайғуга ботган бўлса-да, руҳиятида матонат, мустаҳкам ирода акс этган. Гўё фарзандлари ҳамон тирик…

Бу ерга Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, секторлар раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари ташриф буюришиб, майдон узра таралган ҳарбий оркестр садолари остида Мотамсаро Она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйдилар. Ватанимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги йўлида жон фидо қилган юртдошларимиз ёд этилди.

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Термиз шаҳрида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Миджаҳид Ҳодиев, Шерали Ҳайдаров ҳамда Хуррам Муртазоев хонадонида ҳам бўлиб, Президентимизнинг 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан уларга йўллаган табрикларини ўқиб эшиттирди.
Давлатимиз раҳбарининг фармонига мувофиқ 10 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти, Президентимиз номидан “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллиги” эсдалик юбилей медали ҳамда бошқа қимматбаҳо совғаларини топширди.

“Буюк Ғалабани таъминлашга беқиёс ҳисса қўшган Сиздек мард, енгилмас ва олижаноб фахрийларимиз билан барчамиз ҳақли равишда фахрланамиз, Биз сизларни фақатгина байрамларда эмас, балки ҳар доим эъзозлаб ардоқлаймиз, соғлигингиз ҳақида ҳар куни, ҳар соатда ўйлаймиз. Сиздек метин иродали қаҳрамонларимиз борлиги халқимиз, айниқса, ёшларимиз учун тарихий ҳақиқат”, – деди вилоят ҳокими.
Сурхондарё вилоятида ҳозирда 41 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 2 минг 443 нафар фронт орти меҳнат фахрийлари, 89 нафар 100 ёшдан ошган фуқаро истиқомат қилади. Улар ҳозирги дориломон кунларда юртимиз обрў-эътиборини янада юксалтириш ва навқирон авлодни Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат, мустақиллик ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда.

Термиз шаҳридаги Саховат маҳалласида яшайдиган Хуррам бобо Муртозоев ҳам элимиз эъзозидаги фидойи фахрийлардан бири. Бу йил юз билан юзлашган отахон умрининг энг кучга тўлган йиллари жанг майдонларида жасорат кўрсатиб, душманга қарши курашди. Урушдан сўнг узоқ йиллар ички ишлар идораларида хизмат қилиб, халқимиз осойишталигини таъминлади. Етти ўғил, тўрт қизни тарбиялаб, камолга етказди. Иккинчи жаҳон урушидаги жасоратлари ҳамда урушдан кейинги йиллардаги самарали хизматлари учун қатор орден ва медаллар билан тақдирланди.
– Сўнгги йилларда бизга кўрсатилаётган ғамхўрликлардан беҳад миннатдормиз, – дейди Хуррам бобо Муртозоев. – Президентимиз йўллаётган байрам табриклари бизга куч-қувват улашиб, ёшимизга ёш қўшмоқда. Урушнинг номи ўчсин. Биз бошдан ўтказган оғир бу кунларни авлодларимиз ҳеч қачон кўрмасин. Мамлакатимиз тинч, давлатимиз томонидан амалга оширилаётган хайрли ишлар бардавом бўлаверсин.
Ҳа, шу дориломон кунларда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, уруш майдонидан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда юртини, халқини унутмаган, бир қарич ерини душманга раво кўрмаган ёши улуғ бу метин иродали қаҳрамонларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ҳар бир сурхондарёликка ҳам ғурур, ҳам фахр беради.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan