Бугун Олий Мажлис Сенатининг тўртинчи мажлисида Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Якунда Сенат ЕОИИга Ўзбекистоннинг кузатувчи сифатида киришини маъқуллади. Қайд этиш жоиз, ушбу масала бўйича 16 нафар сенатор қарши овоз берган бўлса, бетарафлар 4 тани ташкил этди. Қолганлар қўллаб-mқувватлаган. Бу ҳақда фикри қандай?
Жамшид ҚЎЧҚОРОВ, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири:
— Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга салбий таъсири йўқ. Чунки биринчи навбатда Ўзбекистонда у билан кузатувчи мақоми асосида ҳамкорлик қилмоқчи. Бу билан Ўзбекистон ушбу ташкилотнинг ҳамма ишчи органларида иштирок этиш, фикр билдириш имконига эга бўлади. Фақат қарор қабул қилиш жараёни бундан мустасно. Бунинг ислоҳотларга нима аҳамияти бор, демоқчи бўлсак, авваламбор, шуни айтишимиз керакки, биз баъзи ислоҳотларда айрим давлатлардан орқада қолган эдик. Анча вақт йўқотганимизни давлатимиз раҳбари ҳам айтган. Шунинг учун маълум маънода ўрганишимиз ҳам мумкин.
Иккинчи томондан, агар эртага тўлақонли аъзо бўлсак, мана шу ислоҳотларга таъсир қиладими-йўқми деб айтадиган бўлсак, йўқ, бу қайтанга рақобатни кучайтиради. Биз барибир маълум бозорларда ўзимизнинг ўрнимизни топишга мажбурмиз ва бунинг ягона йўли иқтисодиёт тармоқлари рақобатдошлигини таъминлаш. Шунинг учун бирор бир ислоҳотларни қандайдир салбий томонларини кўрмаяпмиз. Буни кўплаб экспертлар ҳам айтяпти.
Яна бир жиҳат, ислоҳотлар билан билан бирга, Ўзбекистонда кўплаб инвестиция лойиҳалари амалга ошириляпти. Бу жараёнда бир қатор божхона тўловларида имтиёзлар белгиланган ва ҳоказо. Бу тадбирлар салбий таъсирлар остига тушмаслиги учун тармоқлар бўйича бўлиниб, қисқа, ўрта ва узоқ муддатли даврлар ичида тармоқларни оёққа қўйиб оламиз.
Иқтисодий ислоҳотлар замирида макроиқтисодий барқарорлик туради. Европа иттифоқи ҳақида гапирадиган бўлсак, ушбу тузилмада ҳам ҳамма давлатлар, масалан, бюджет тақчиллигини 3 фоиздан оширмасликка келишган. Бу макроиқтисодий барқарорликнинг индикаторларидан бири. Худди шундай Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳам шунақа талабни қўйган.
Ёки яна бир мисол. Акциз солиқлари хусусида гапирсак, Евроосиё иқтисодий иттифоқи талабларига биноан қайси ички маҳсулотарга акциз солиғи қўлланилаётган бўлса, импортда ҳам фақат шуларга қўлланилиши керак ва уларнинг ставкалари ҳам бир хил бўлиши керак. Хўп, бу талаб бизнинг қандайдир манфаатларимизга зидми, деган савол туғилади. Бу ҳам ўзидан ўзи пайдо бўлган талаб эмас. Бу, масалан, Халқаро валюта жамғармасининг ҳам талаби, Жаҳон савдо ташкилотининг ҳам талаби. Мана шулардан кўриниб турибдики, Евроосиё иқтисодий иттифоқи талаблари дунёнинг катта қисмида тан олинган, халқаро ташкилотлар томонидан қўлланилаётган талаб ва тартиб-таомиллардан келиб чиққан.
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan