АЁЛ ЎТИБ БОРАР
Сен сўрама, мен ҳам айтмайин,
Курагимнинг синганини қарс.
Шовқин солма, мен уйғотмайин,
Юрагимда ётар бир йўлбарс.
Баланд бир ўт ёнган ичимни,
Мен совутиб яшашим керак.
Ўз-ўзимга сарфлаб кучимни,
Мен овутиб яшашим керак.
Аёл ўтиб борар, шўх юриб,
Шамолларда соч ёйган аёл.
Ич-ичида йўлбарс ўкириб,
Сиртдан майин жилмайган аёл!
БИЛМАСЛАР
Кўрдим қишлоқ, гўзал шаҳарлар кўрдим,
Оҳорлари кетиб борар, билмаслар.
Жамалаксоч пари-пайкарлар кўрдим,
Баҳорлари кетиб борар, билмаслар.
Тугмак бўлса етмас белбоғ учлари,
Дунё молин маҳкам тишлар тишлари.
Боғларининг ширинзабон қушлари,
Олқорлари кетиб борар, билмаслар.
Отлари-я, қорабайир отлари
Гижинглайди, деб ўйласам, додлади.
Ёли бўрон бўлганлигин ёдлади –
Шунқорлари кетиб борар, билмаслар.
Кузатиб бу дунёнинг ўр-қирини,
Билмай қолдим келмак-кетмак сирини.
Ёлғон ёрлар ялашиб бир-бирини,
Чин ёрлари кетиб борар, билмаслар.
Чарсиллаган бир ўт ёнар ичимда,
Мен шеър айтсам, айтмадим тил учинда.
Бу талотўп, қув-қув, чоп-чоп ичинда,
Ҳалима ҳам ўтиб борар, билмаслар.
ЕРДА ҚОЛГАН СЎЗЛАРИМ
Ўзни урдим ўтгаю чўққа,
Кимга ботдим,
Ким менга ботди.
Гоҳ байроқдай юксалдим кўкка,
Гоҳо поймол ерларда ётдим.
Давом этгай ҳали бу жангим,
Бас келгайман зару зўрларга,
Қанотимдан айирма, Тангрим,
Киргунимча қаро гўрларга.
Кирганда ҳам тинмас бўзларим,
Бўлар улар шараф ё шарар.
Менинг ерда қолган сўзларим,
Болаларни кўкка кўтарар!
Ҳалимахоним Худойбердиева
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan