Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги мухбири ЎзЖОКУ даги ижодий имтиҳонлар бўйича Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети «Халқаро журналистика ва жамоатчилик билан алоқалар» факультети декани Равшан Раимжонов билан сухбат уюштирди.
ЎзЖОКУда бу йилги ижодий имтиҳонлар қай тартибда ва қаерда бўлади?
- Республика махсус комиссияси баёнотида кўрсатиб ўтилганидек, ижодий имтиҳонлар ҳудудлар бўйича ташкил қилинади. Ҳозир бу масала юзасидан раҳбарият билан келишилган ҳолда, деярли ҳар бир вилоятда ижодий имтиҳонларни ташкил қилмоқчимиз. Улар қуйидагича ҳудудий бўлинади:
- Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти;
- Сирдарё ва Жиззах вилоятлари;
- Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари;
- Самарқанд, Бухоро ва Навоий вилоятлари;
- Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон республикаси учун алоҳида бир жойда ижодий имтиҳонларни ташкиллаштириш режалаштирилмоқда.
Айни пайтда ушбу ҳудудлар ўрганиляпти. Бу ҳақида яна ҳам аниқ ва расмий маълумотни университет сайтида тез кунда тақдим қиламиз.
Карантин чекловлари туфайли айрим ҳудудлардан чиқа олмайдиган абитуриентлар ижодий имтиҳонга қатнаша оладими?
- Ижодий имтиҳонлар ҳудудларда ташкил қилингандан кейин, пойтахтга келиш борасидаги муаммоларга ёки ҳудудидан чиқа олмаслик муаммолари учрамайди. Aбитуриент ўзи яшаб турган вилоят кесимида ташкиллаштириладиган ижодий имтиҳон павильонида имтиҳон топшириши мумкин бўлади. Aммо уйда бўлиб, онлайн тартибда имтиҳон топшириш мумкин эмас ва бу ҳужжатларда ҳам кўрсатиб ўтилмаган.
- Ҳужжат топшириш ишлари қандай ташкиллаштирилади?
-Хужжатларнинг қабул жараёни ўтган йилги каби бўлади. Онлайн равишда Давлат тест маркази расмий сайти ва my.gov.uz портали орқали нафақат бизга балки бошқа ОТМларга ҳам ҳужжат топшириш мумкин. Бу сайтлар 15 июндан 15 июлга қадар 24 соат давомида фаолият кўрсатади.
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan