Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Касаба уюшмалари федерацияси диққатига!
Сиз маош олаверинг, биз уйда қолаверамиз…
Коронавирус пандемияси сабаб март ойидан республикамизда карантин чекловлари жорий қилингач, жуда кўп муассасалар, айниқса, давлат корхона ва ташкилотлари раҳбарлари аксарият ходимларига ўз ҳисобидан меҳнат таътилига чиқишларини айтишди. Ва, табиийки, кўпчилик истаса-истамаса аризасини ёзиб, ноилож иш жойини тарк этди.
«Аризани мажбуран ёздирмаганку, ёзмайман деса бўлардику», «Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги борку, мурожаат қилсин эди», дегувчилар, раҳбарининг бир оғиз талабига “лом-мим”, демай пул тўланмайдиган таътилга чиқиб кетганларни ҳуқуқий саводхонлик етишмаслигида айблайдиганлар топилади орамизда.
Ундайларга шуни айтган бўлардимки, ишонинг, аслида ўша ўзи хоҳламай ўз ҳисобидан меҳнат таътилига чиққанларнинг ҳам ақлу фаросати бу нарсаларга етади. Лекин бизда ғарб демократиясидан фарқли ўлароқ, истиҳола, андиша, деган шарқона тушунчалар бор. “Бошлиқ айтяпти, кел, эртага яна кўз-кўзга тушади, бирга ишлашга тўғри келади, ақллилик қилиб, ёмонотлиқ бўлмай”, дейишни маъқул кўради одамларимиз. Ҳар қанча айбламанг, азалдан шунақа.
Президент Шавкат Мирзиёев 26 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар ўз ходимларининг камида 50 фоизини ҳақ тўланадиган таътилга чиқариши лозимлиги, қолганлар масофадан ишлашга ўтказилиши зарурлигини таъкидлаганди. Тўғри, аксарият ташкилотлар бу талабни тўла-тўкис адо этди. Аммо иқтисодий имконият тақозосини сабаб қилиб, ходимларини ҳақ тўланмайдиган меҳнат таътилига чиқарганлар ҳам бўлди.
Аниқ мисолни ён-атрофингиздан қидиринг. Мен осмондан олиб айтаётганим йўқ. Давлат корхона ва ташкилотларида ишлайдиган танишларим, қолаверса, каналга ёзадиганлардан буни биламан.
Карантин чекловлари юмшатилиб, қанчадан-қанча жамоалар ўз қадрдон иш жойига қайтди. Бироқ, ҳануз ишхонаси чақирмагани сабаб уйида ўтирганлар ҳам йўқ эмас. Хўш, улар нима бўлади? Буёғи карантин муддати 1 августгача узайтирилди. Иш берувчи ҳам ўша муддатга қараб йўл тутса, март, боринг ана апрелдан бери маош олмай уйида бўлиб турган, минг истиҳола қилиб отаси ёки онасининг пенсияси билан кунини ўтказаётган, акаси ёки укасидан, дўстидан қарз олиб турган ходим келгуси икки ойда қандай кун кечиради? Яна кимнинг қўлига кўз тикади? Оилали бўлса, ишлаб, пул топмаётган давангирдай йигит хотинининг юзига қандай қарайди? Боласининг “уни олиб беринг”, “буни олиб беринг”, дейишларига қандай баҳона топади? “Коммунал тўловларни тўлаб қўйинг”, дея уйини тақиллатиб кела бошлаганларга нима дейди?.. Жавоби қийин саволлар…
Агар ҳаммани доим ҳаётдан мамнун қилиб ифодалайдиган Ижтимоий фикр жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ким ҳамон уйда, аҳволи қанақа, ким ишни бошлади, деб сўровнома ўтказганда эди, расмийроқ асос ҳам бўларди. Лекин, рости, бу ташкилотнинг ҳам халқаро меъёр деб атиги минг киши орасида ўтказадиган сўровномасини бутун мамлакат аҳолисининг фикри, дея қабул қила олмайман. Билмадим, шахсан мен сира буни ҳазм қилолмайман. Шунинг учун уларнинг сўровномаси натижаларига унчалик қизиқмайман ҳам.
Шу ўринда яна бир гап. Мен ҳуқуқшунос эмасман, аммо Меҳнат кодексининг 150-моддасига эътиборингизни қаратмоқчиман: «Ходимнинг аризасига кўра унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин, унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади, лекин у ўн икки ойлик давр мобайнида жами уч ойдан ортиқ бўлмаслиги керак…».
Демак, тўғри тушунган, хато қилмаётган бўлсам, ўз ҳисобидан олинган меҳнат таътили муддати уч ойдан ошмаслиги керак! Ана энди март ёки апрелдан бошлаб ҳисоблаб кўринг… Мана шу моддага ҳануз ходимини ишга чақирмаётган иш берувчилар эътибор қаратишса яхши бўларди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Касаба уюшмалари федерацияси ҳам шу жойини ҳаммага эслатиб турса, буям одамларни рози қилишга кирарди… Нима дедингиз?
Manba: platforma. uz
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan