Учрашувда қӯшни туманлар вакиллари иштирок этишди. Ўзаро дўстона руҳда бўлиб ўтган учрашувда икки давлат манфаатларига хизмат қиладиган масалалар, дўстлик ва яқин қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги таклифлар муҳокама этилди. Учрашувда жумладан, Сўх тумани Чашма маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқаро Бекназаровлар оиласининг жорий йил 31-май куни Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари ўртасида бўлиб ўтган тартибсизлик оқибатида талофат кўрган уйини таъмирлаш ва қайта тиклаш, биргаликда Чашма булоғи ва унининг атрофидаги ариқларини тозалаш масалалари бўйича икки томон алоҳида тўхталиб ўтишди.
-Биз ҳар доим тинчлик ва тотувлик тарафдоримиз. Чунки муҳтарам президентимиз томонидан қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга катта эътибор берилмоқда. Икки давлат манфаатига хизмат қиладиган стратегик лойиҳаларни амалга ошириш, ўзаро меҳр-оқибат асосида дўстлик ришталарини жонлантириш, дўстона муносабатларни янада кенгайтиришга хизмат қиладиган турли маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиб, бир-биримизга янада яқин бўлиб, яшаб, фаолият олиб боришимиз лозим”,-деди туман ҳокими С. Сайидмусаев учрашув чоғида. Қирғизистон Республикаси Қадамжой туман ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчиси А.Жакпаров ҳам дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга доир фикр ва таклифларини баён этди.
Учрашув давомида Чашма маҳалласида яшовчи 3 оила – 11 кишидан иборат Бекназаровлар уйини тиклаб бериш масаласида ҳам фикрлар билдирилиб, бу масала икки томон келишувига биноан ҳал этилиши таъкидланди. Шунингдек, Чашма булоғи атрофида янги истироҳат боғини ташкил этиш таклифи ҳам Қирғизистон томонидан октябрь ойида ҳал этилиши қайд этилди.
Икки давлат чегараларининг келишмаган ҳудудида жойлашган Чашма булоғидан оқаётган ариқларни тозалаш ишларини жорий йилнинг 16-сентябр куни эрталаб соат 09:00да бошланиши ва иккала давлат вакиллари томонидан уч нафардан вакил ажратилишига келишиб олинди. Келишувга биноан, Қирғизистон Республикасининг Бирлык айыли Қадамжой туманига қарашли ҳудудда футбол майдончаси бунёд этилади ва бу ишлар жорий йилнинг 1-октябрга қадар Қирғизистон Республикаси лойиҳаси асосида амалга ошириладиган бўлди. Мазкур таклиф асосида қўшма баён тасдиқланиб, тантанали тарзда вакилларга топширилди.
Шунингдек, Сўх тумани Чашма маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Варган масивида тик қудуқ ўрнатиш ишлари бошланган, бироқ, ҳозирги пайтда бу ишлар тўхтатилган. Мазкур жараён икки давлат Гидрогеология комиссияси хулосаларига асосан жорий йилнинг 12-сентябр кунидан бошлаб йўлга қўйилишига келишиб олинди.
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan