Термизда бир йўла иккита оилавий поликлиника иш бошлади

Термизда бир йўла иккита оилавий поликлиника иш бошлади

Сурхондарё вилоятида 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида қуриб, битказилган замонавий хизматлар кўрсатиш бинолари, ижтимоий соҳа иншоотлари фойдаланишга топширилмоқда.
Бугун Термиз шаҳрида бир йўла иккита оилавий поликлиника ишга туширилиб, мазкур муассасаларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатаётган мунис опа-сингилларимиз ва хонадонларнинг мўътабар соҳибалари учун туҳфа қилинди.
Уч қаватли, янги оилавий поликлиникаларнинг тантанали очилиш маросимида Олий Мажлис Сенати Суд, ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаров, Термиз шаҳар ҳокими Исроил Худойбердиев, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, сенатор Орзиқул Соатов кейинги йилларда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқаролар саломатлигини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳолининг тиббий маданиятини оширишда юксак самаралар бераётганини таъкидлади. Янги тиббий иншоотларни қуриш ва мавжудларини таъмирлаб, жиҳозлашга эътибор кучайтирилганини алоҳида қайд этди.

«Бўкаагроқурилиш» масъулияти чекланган жамияти бунёд этган биринчи ва тўртинчи оилавий поликлиникаларда ҳам тиббиёт ходимлари ва мижозлар учун барча замонавий шароитлар яратилган. Зарур ахборот технология воситалари, тиббий техникалар билан таъминланган. Стерилизация ва УЗИ аппаратлари билан жиҳозланган. Эмлаш хоналарида “COVID-19» га қарши эмлаш пунктлари барпо этилиб, вакцинани сифатли сақлаш ва ишлатиш учун музлатгич ва бошқа замонавий жиҳозлар ўрнатилган.
Биринчи оилавий поликлиникада 12 малакали шифокор, 36 нафар ўрта тиббиёт ва бошқа ходимлар меҳнат қилиб, вилоят марказидаги Боғишамол, Гулистон, Мехрабод, Тупроққўрғон, Сурхон соҳили, Гулираъно, Мангузар ва Чегара маҳаллаларида яшайдиган 44 мингдан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.

Маҳаллалар аҳолиси учун қулай ҳудудда қад ростлаган оилавий поликлиника ҳозиргача Термиз шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси биносида фаолият юритиб келди. Бу аксарият аҳоли айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бор фуқаролар учун қатор ноқулайликларни юзага келтираётган эди. Янги иншоотнинг фойдаланишга топширилиши билан бу масала ўз ечимини топди.
Шодлик маҳалласи ҳудудида барпо этилган тўртинчи оилавий поликлиникада ўн нафар етук шифокор, 52 нафар ўрта тиббиёт ходими фаолият юритиб, 3-оилавий поликлиника биносида Боғзор, Саховат, Шодлик, Эски шаҳар, А.Жомий, Маърифат маҳаллаларида яшайдиган 31 мингга яқин фуқарога тиббий хизмат кўрсатаётган эди. Байрам арафасида янги иншоотнинг фойдаланишга топширилиши уларга бир олам қувонч улашди.

– Тиббиёт муассасамизнинг аҳоли яшаш ҳудудидан узоқда жойлашгани ва бинодаги тирбандликлар, фарзандлари билан келган оналар ва беморларнинг узоқ вақт навбат кутиб қолишидан гоҳо биз ҳам хижолат чекар эдик, – дейди тўртинчи оилавий поликлиника тиббий рўйхатхона ҳамшираси Феруза Алимова. – Айрим шароитлар йўқлиги ҳам ноқулайликларни келтириб чиқараётган эди. Янги бинода биз учун ҳам, беморлар учун ҳам барча қулайлик, шароитлар яратилган. Кенг, ёруғ хоналар замонавий ахборот коммуникация технологиялари ва бошқа жиҳозлар билан таъминланган.
Тантанали маросимлар якунида тадбир иштирокчилари оилавий поликлиникаларда мавжуд шароитлар билан танишди. Электрон поликлиника тизимида ишлаш жараёнлари билан қизиқди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, айни пайтда воҳада 99 та оилавий қишлоқ, 34 оилавий ва 15 та марказий поликлиника аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатмоқда.
                                                                                                    Холмўмин Маматрайимов, ЎзА

Posts Carousel

Izoh qoldiring

Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan

Latest Posts

Top Authors

Most Commented

Featured Videos