Учқудуқ туман суди судьялари томонидан ўтказилган тарғибот, ҳуқуқий саводхонликни оширишга хизмат қилади

Учқудуқ туман суди судьялари томонидан ўтказилган тарғибот, ҳуқуқий саводхонликни оширишга хизмат қилади

Юртимизда ҳуқуқий давлат асосларини янада такомиллаштириш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида навбатдаги сайёр учрашувлардан бири Учқудуқ туман Бандликка кўмаклашиш марказида ўтказилди.

Жорий йилнинг 12 август куни ўтказилган учрашувда туман иқтисодий суди раиси Х.Турсунов, фуқаролик ишлари бўйича туман суди раиси Б.Шерматов ва Навоий туманлараро маъмурий судининг судьяси А.Рахимовлар иштирок этиб, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари вакилларига 2021 йилнинг 28 июлда янги таҳрирда қабул қилинган “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти, хусусан мазкур қонунда белгиланган тартиб-қоидалар суд ҳокимиятининг мустақиллигини, судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда, фуқароларнинг судлар фаолиятига ишончини мустаҳкамлаш ҳамда соҳа вакилларини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтишди.

Шунингдек, “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-670-сонли Қонун ҳамда яқинлашиб келаётган сиёсий жараён ҳисобланмиш Президентлик сайлови хусусида сўз юритилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасида мамлакат фуқаролари давлат вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга эканлиги, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ичида овоз бериш ҳуқуқи энг асосий ҳуқуқлардан бири ҳисобланиши, бу ҳуқуқдан у ёки бу сабабларга кўра қўлланилмаслиги натижасида бошқа ҳуқуқлар аҳамиятини йўқотишига олиб келиши, шу боисдан ҳам фуқаролар ўз ҳуқуқларини яхши билишлари лозимлиги, Президент сайлови мамлакат тараққиёти учун улкан аҳамиятга эга эканлигини яхши англаб етмоқликлари лозимлиги борасида сўз юритилди.

Учрашув сўнггида, ҳар бир сайловчи ўз хоҳиш ва иродасига таяниб, мустақил ва онгли равишда овоз бериши, сайлов тўғрисидаги қонунларимизда берилган ўз ҳуқуқларидан тўғри фойдаланиши лозимлиги, муносиб номзодни танлаш имкони­яти мамлакатимизнинг келажакдаги тараққиётида муҳим роль ўйнаши таъкидлаб ўтилди.

Руслан Джўраев Учқудуқ туман иқтисодий суди судья ёрдамчиси                                                            

Posts Carousel

Izoh qoldiring

Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan

Latest Posts

Top Authors

Most Commented

Featured Videos