Кенг далалар томон йўл олар экансиз охири йўқ эгатлар янада кўпроқ пахтага буркангани ва ҳосил чўғи янада ошганининг гувоҳи бўласиз. Қийғос очилган оқ олтин воҳамизнинг серунум тупроғи ва бободеҳқоннинг машаққатли меҳнатидан даракдир.
Соат миллари билан пойга қўйиб пахта тераётган воҳадошларимиз ҳар бир дақиқаданда унумли фойдаланишга урунишмоқда. Айни шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда, вилоят давлат солиқ хизмати органлари ходимлари алоқадор ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликда пахта далаларида кўчма савдо дўконларини ташкил этишмоқда. 30 турдан ортиқ озиқ-овқат ва 20 турдан ортиқ хўжалик моллари савдосининг йўлга қўйилиши теримчиларга вақтларини тежаш ва рўзғор учун зарур харидларни пахта даласининг ўзидаёқ амалга ошириш имконини бермоқда.
– Кунига ўртача 90-100 кг пахта тераман. Терилган ҳар бир кг пахта учун 1800 сўмдан пул беришаяпти. Мавсум бошидан бери 3 тоннадан ортиқ пахта териб яхшигина даромад қилдим, – дейди Дилфуза Менглиева. – Шароитлар яхши. Ўтган йиллардаги пахта мавсумларида вақт тиғизлиги туфайли бозор-ўчар қилишга имконимиз бўлмасди. Бу йилдан эътиборан бунинг ҳам чорасини топишди. Қайси далада пахта термайлик, ўша ерда кўчма савдо дўконларини ташкил этишиб, маҳсулотларни қулай нархларда сотишаяпти. Уйга кетиш олдидан керакли нарсаларни харид қилиб, ҳам вақтимизни ҳам нақдимизни тежаяпмиз.
Кўзланган мақсад ҳам айни шу. Берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, ҳам рўзғорига ҳам бободеҳқоннинг хирмонига ҳисса қўшаётган воҳадошларимизга муносиб шарт-шароит яратиш ва уларга яқиндан кўмаклашишдир.
Сурхондарё вилояти ДСБ Матбуот хизмати