ЎЗИМИЗ ЎТИРГАН ШОХНИ КЕСМАЙЛИК

Яқинда (2023 йил, декабрь) бир сабаб билан ёзувчи Нурали Қобул ижодхонасига бордим. Тўрт киши гаплашиб ўтиргандик, шу чоғ кимдир эшик қоқиб кепқолди. Нурали ака у кишини ҳам бизни кутиб олгандек ичкари олди. Диванга таклиф қилиб, қишнинг қаттиқ совуғида дийдираб келган меҳмон қўлига бир пиёла чой тутқазаркан, бизни у кишига, у кишини бизга таништирди. Менинг ёнимда Хондамир Қодирий ўтирарди, Нурали ака:

– Бу киши Қодирийнинг набираси – Хондамир Қодирий бўладилар! – деганда меҳмоннинг авзойи бирдан ўзгарди, кўзлари ёшланиб, лаблари титради.
– Қодирий… Қодирийнинг невараси!.. – дея олди холос, у, бир Яратгангаю бир ўзигагина аён туйғуларга ғарқ бўлиб.
Озроқ суҳбатлашгандан сўнг келган меҳмон хайрлашиб чиқаркан, “Абдулла Қодирий!” дея Хондамир акага яна бир қарадию, бояги кўйга тушди: лаблари титради, юзлари оловланди, кўзсоққалари ёшга тўлди.

Бу – меҳмоннинг Қодирийга бўлган самимий муносабати эди. Ҳамда бу муносабатда унинг яхши кўриши, армони, чексиз миннатдорлигию юрагининг ачишиши – ҳамма-ҳаммаси мужассам эди гўё. Шунингдек, унинг ҳолида ўзбек эли катта бир қисмининг Қодирийга бўлган муносабати ҳам “манаман” дея кўкрак кериб турарди.

Ҳа, ўзбек эли – туркий эл Қодирийни тахминан шундай севади: у сўзамоллик қилмаслиги, буни эплай олмаслиги мумкин, лекин титроқ лабларию ёшга тўла изтиробли кўзлари билан мислсиз меҳрини ўз юрагидан кечиради – бошидан ҳам.

Хўш, нега?

Чунки Абдулла Қодирий миллатнинг бир парчасига, керак бўлса, ҳар бир оиланинг битта аъзосига, меҳр ва муҳаббатининг ҳадафига айланиб кетган. Шунинг учун ҳам орамизда отабеклару анварлар, кумушлару раънолар кўп. “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” қаҳрамонларига ҳавасдан қўйилган отлар булар. Улуғ Навоийнинг Фарҳоду Ширинидан бошқа яна қайси бир ёзувчи яратган қаҳрамонларнинг исмлари эл орасида бунчалар машҳур, бир ўйлаб кўринг! Исмлар шунчаки қўйилмайди. Севганидан, эргашганидан, ҳавас қилганидан ўғил-қизларининг ўшандайин инсонлар бўлишини орзу қилганидан қўйилади. Қаҳрамонларни “ландавур”, “лапашанг” деб ўйлаганида қўймас эди. Йўқса, халқни шунчалар оми деб биламизми?.. Қодирий романлари ва ёрқин қаҳрамонлари савиясини “ўртамиёна” ва “паст савияли” деб билар эканмиз, унга эргашганлар тўғрисида ҳам худди шундай ҳукм-хулоса чиқарган бўламиз. Бу эса халқнинг катта бир қисмига нисбатан ҳақоратдан бошқа нарса эмас.

Куракда турмайдиган танқид анчадан бери бор эди. Бундан қарийб чорак аср бурун Қодирий романларини бутунлай ва узил-кесил инкор қилиб ёзилган китоб қўлёзмасини ўқигандим, унга танқиднинг танқиди маъносида тақриз ҳам бергандим. Ажабки, биз халқнинг қалбида яшаб қолган қаҳрамонларни “туғиб берган” Қодирийни, унинг хизматларини инкор қила бошлабмиз. Ўз назаримизда “мудҳиш хато”ларини топиб олиб, пашшадан фил ясашга ўтибмиз. Ҳатто не-не қодирийшуносларнинг ишини “кўр-кўрона” қилинганликда айблаб қолибмиз. Танқидми бу ё таҳқир? Балки туҳматдир?.. Қизиқ, бизгача кимки Қодирийни ўқиб, унинг асарлари тўғрисида ижобий фикр ёзган бўлса, бари ноҳақу бир биз ҳақиқатни кўриб қолибмизми?.. Наҳотки, шундай бўлса?.. Мутафаккир шоир Абдулла Орипов Ёзувчилар уюшмасидаги бир мажлисда айрим калтаўй кишиларни назарда тутиб: “Қўйиб берсанг, булар Навоийнинг ҳам соқолидан тортади” деган эди. Топиб айтган экан.

Ўтган асрнинг 90-йилларида ўзбек адиблари орасида А.Қаҳҳорга шундай муносабат пайдо бўлганди. Уни салкам “ёзувчи эмас”гача чиқаришганди. Кейин яна вақт ўтиб, Қаҳҳор ўзини “ёзувчи эмас”га чиқарганларнинг барчасидан каттароқ ёзувчи эканини “исбот қилди”. Бу ишни ўзи қилмади, албатта (қабрдан чиқиб келмайди-ку!), балки вақт қилди. Вақт адолат билан ҳаммасини жой-жойига қўйди. Қодирийю Ҳамзалар ҳам шундай. Улар ўзини инкор қилганларнинг барчасидан узоқ яшайди. Чунки миллатга, тараққиётга, жуда катта адабиётга бутун борлиғи билан хизмат қилган эди улар. Яна минг йилда, бор, ана, бир неча юз йилда бир бўладиган мислсиз ўзгаришлар қўйнида туғилган эди улар. Сиз машҳур жадид боболардан истеъдодли бўлишингиз мумкин, лекин неча асрларда бир бора бўладиган азим эврилишлар бағрида улардек туғилиб қолишни “буюртма” бера олмайсиз.

Жадидларга ҳам истеъдодли бўлиш, ҳам “ўз вақтида” туғилиш насиб қилган эди. Қачон ва қаерда туғилиш эса – қисмат. М.Лермонтов истеъдодини А.Пушкинникидан баланд қўядиган адабиётшунослар бор, бироқ “рус шеъриятининг қуёши” бўлиш Пушкинга насиб қилган эди. Лермонтов бирон 10-15 йилга кечиккан, холос, ва устози Пушкинга эргашишга “мажбур бўлган”. Чунки Пушкин даҳоси ва давр бир-бирига тенг келган эди. Жадидларнинг улкан ўзгаришлар даврида “пайдо бўлгани” ҳам шундай натижани майдонга келтирган. Вақтида туғилиш дегани – шу. Ўйлаб кўрайлик.

Ҳар қандай давр ўзгариб, ўрнига янгиси келади, шу ўзгариш билан бирга воқеликни янгича акс эттириш эҳтиёжи туғилади. Қисқаўй ижодкор бўлса: “менгача яшаб ижод қилганларнинг ҳаммаси эскирди, ҳақиқий адабиётни энди мен яратаман!” деб ўйлай бошлайди. Ҳолбуки, эрта бир кун у орқа қилган давр ҳам айланиб, ўрнига тағин янгиси келади. Бас, яна янги асарларга эҳтиёж туғилади. Шундай пайтда, у ёки бу даврни максимал даражада ёритиб берган адиб ё бошқа ижодкор хизматига беписандлик билан қарашдан ўзни тийиш, аксинча, уларни тушуниш ва амалга оширган ишларини эътироф этиш адолатдан бўлади. Яъни ҳар бир асар ёзилган вақтига қараб, давр контекстида ўрганилиши ва баҳоланиши шарт. Бугунги куннинг имконларидан туриб баҳолашга уринар эканмиз, кўпинча янглиш хулосаларга бориб қоламиз. Чунки у асарда акс этган воқелик ўзгариб кетган бўлади. Шу маънода барча даврларга бирдек хизмат қила оладиган адиб ҳам, асар ҳам кам топилади. Ҳатто энг буюк деганимизнинг ҳам шоҳ асарларини изоҳлар ва шарҳлар билан тушуниш, тушунтиришга эҳтиёж сезиб яшаймиз. Ўйлаб кўрайлик.

Қаҳҳордан сал ўтиб, Ҳамзага ҳужум бошланди. Мен Ҳамзани ўзим мансуб авлоддан кўра кўпроқ ва хўпроқ ўрганган устозларга сим қоқиб, маърифатпарвар бобомизни ҳимоя қилишларини сўрадим. Садо чиқмагандан кейин ноилож қолиб, 21 бетли матн битиб, Ҳамзанинг хизматларини тушуниш ва тушунтиришга уриндим – эълон қилдим.

Яқинда бир ёшроқ тарих мутахассиси чиқиб, Амир Темурни танқид қилди – кўпчилигингиз кўрдингиз.
“Хўш, нима қилибди шунга? Қодирийни, Қаҳҳорни, Ҳамзани, Темурни танқид қилиб бўлмайдими? Нима, улар инсон эмасми, уларнинг камчилиги йўқми?..”

Нега бўлмас экан? Бўлганда қандоқ! Қайси биримизнинг билиб ё билмай қилган хатоларимиз йўқ? Бас, энг улуғ кишиларнинг ҳам ўзига яраша хато ва камчиликлари бор, бўлади.
Айтилганидек, “айбсиз – ёлғиз Парвардигор”.

Гап шундаки, айрим хато ёки камчиликлари туфайли улуғлар хизматига юқоридан келиб муносабатда бўлиш, ҳатто инкор қилишгача бориб етиш хатоларнинг энг каттаси эканлигини унутиб қўяётганга ўхшаймиз. У ёғини сўрасангиз, наинки улуғларнинг, балки энг оддий одамнинг ҳам хато қилишга ҳаққи бор. Инсоннинг у ёки бу хатосини топиб олиб, бозорга чиқариб жар солишга эса сиз билан бизнинг мутлақо ҳаққимиз йўқ. Ҳаққимиз бўлган жойи – илмий текшириб, ютуқ ва хатоларини холислик билан қайд этишдир. Шунда ҳам ҳурматларини жойига қўйган ҳолда иш тутиш тақозо этилади. Ҳамда камчиликларни кўрсатиш у ёки бу соҳа учун, унинг тараққиёти учун зарур бўлгандагина қилинади бу иш. Яъни танқид танқид учун қилинмайди, қилинмаслиги керак.

Яқинда ижтимоий тармоқдаги бир кўрсатувда хорижлик тарихчининг Амир Темур тўғрисидаги фикри эътиборимни тортди. Зеро, менинг ўзим ҳам шундай ўйлаб юрардим: “Дунёда учта тенгсиз саркарда бор. Уларнинг олдига ҳеч ким туша олмайди: булар – Александр Македонсий, Чингизхон ва Амир Темур” деди у. Чет эллик тарихчи номлари зикр этилган саркардалар олиб борган урушлар туфайли не-не салтанатлар бузилиб, қанчадан қанча бегуноҳ одамларнинг қони тўкилганини билмасмиди? Биларди. Бироқ урушлар ва низолар инсоният ҳаётининг бир парчаси бўлиб келганини назарда тутиб, мана шундай вазиятда тарихда ўзидан катта из қолдирган йўлбошчилар хизматига урғу берди у. Темур хизматларини эътироф этган хорижлик ва ушбу хизматларни турли хил важлар билан инкор қилишга уринган ўзбек тарихчиси қарашларидаги фарқни ўйлаб кўрайлик. Нима учун бундай бўляпти?..

Тўғри, илмда ҳам, ҳаётда ҳам хато ва камчиликларни беркитиш, хаспўшлаш мақбул тутим эмас. Тараққиёт учун билиш керак, билиш учун эса ўтмишга ҳам, бугунга ҳам танқидий кўз билан қараш зарур. Бироқ бу иш инсоний ва илмий ахлоқ, этик ва эстетик нормалар доирасида амалга оширилмоғи шарт. Талаб – шу!

Шунга амал қилинмагани учун ҳам ижодкор А.Маликнинг улуғ адиб А. Қодирий асарлари тўғрисидаги танқидий чиқиши жамиятда қаттик норозиликка учради. Чунки у халқнинг кўнглига тегадиган гап айтиб қўйди, натижада кўпчилик қўзғалди. Зеро, шоир огоҳлантирган эди:

Инсон қалби билан ҳазиллашманг, сиз,
Унда миллат яшар, унда тил яшар.
Унда аждод фахри яшайди сўзсиз,
Унда истиқомат қилади башар.

Инсон қалби билан ҳазиллашманг, сиз,
Унда она яшар, яшайди Ватан.
Уни жўн нарса деб ўйламанг ҳаргиз,
Ҳайҳот, қўзғалмасин бу қалб дафъатан!

А.Орипов ўз шеърида бир инсон қалби билан ҳазиллашманг, бунинг оқибати яхши бўлмайди, деяпти. Энди бутун халқ билан “ҳазиллашиш”, яъни у ишонган ҳақиқатлар (бу ерда Қодирий шахсияти ва романларига бўлган ижобий муносабат) ни йўққа чиқаришга уриниш баҳосини ўзингиз бичиб олаверинг.

Бобуршоҳ Ҳиндистонда экан, ўғли Ҳумоюнга маҳаллий халқ билан эҳтиёт бўлиб муносабатда бўл, уларнинг эътиқодларига зид келадиган иш қилиб қўйма, деб тайинлаган экан. Агар унинг фарзандлари буюк ота маслаҳатига тескари ишлар қилганда эди, дунёда энг узоқ яшаган империялардан бири – Бобурийлар салтанатини қуришолмаган бўларди. Бобурийлар мусулмон эдилар. Ҳиндларнинг эътиқоди эса тамомила ўзга. “Биз ҳақ, улар ботил эътиқодда, бас, адашганларни хоҳлаганча бошқарамиз, бўйсинмаса, қириб ташлаймиз!” деб иш тутмадилар улар, билъакс, бағрикенглик қилишди – ўзга эътиқодлилар билан муросаю мадора йўлини танлашди. Нега шундай қилишди – ўйлаб кўрайлик.

Ўзбекнинг машҳур шоирлари Ҳ. Худойбердиева, М. Юсуф ва бошқаларнинг Зайнабни ёқлаб ёзган шеърлари ҳам қайсидир маънода Қодирийга “эътирозлар” эди. Бироқ бу “эътирозлар” халқ орасида ҳам, адабиёт илми олимлари орасида ҳам сира норозиликка сабаб бўлгани йўқ.

М. Юсуфнинг “Отабек қўшиғи”, “Зайнаб қўшиғи”, “Кумуш” каби шеърлари “Ўткан кунлар” романи қаҳрамонлари тилидан ёки уларга мурожаат тарзида битилган. Шуниси эътиборга лойиқки, шоир ҳар бир шеър қаҳрамони кўзи билан дунёга қарайди, уларнинг дардини (ўз назарида давом эттирган ҳолда) шеър тили билан изҳор айлайди:

Сен Ширину мен ҳам Фарҳод эмасман,
Сен аччиғу мен ҳам новвот эмасман.
Зайнаб, Зайнаб, менга айтма зорингни,
Сен дилхуну мен ҳам дилшод эмасман…

Бошга неки тушса, кўкдан атомиш,
Биз бир қафас аро гирён бир жуфт қуш.
Бир гўшада сен хомушсан, мен хомуш
Сен вайрону мен ҳам обод эмасман…

  Шу тарзда шоир Отабек тилидан романда баён этилгандан ўзгачароқ манзараларни чизадики, натижада ўқувчи Отабекнинг чорасизликда қолган ҳолатини, дардини теранроқ, кўламлироқ англайди, айни дамда, Зайнаб тушиб қолган вазиятга, унинг фожиасига ҳам  бошқа нуқтаи назардан разм солади, унга салбий қаҳрамонга қарагандек қарашни бир зумга қўйиб, шўрлик аёлни “кўкдан ато” тақдирга бўйин сунган бир бечора ўлароқ таний бошлайди. Бошқача айтганда, М. Юсуфнинг юқоридаги шеърлари мисолида роман воқелиги ва қаҳрамонлар хатти-ҳаракатлари  ўзига хос йўсинда талқин қилинади.

Тенгим бошқа, деди ёр,
Топдим десам тенгимни.
Марғилонлик бир дилдор
Тортиб олди бегимни…

Нима бўлди бек йигит,
Бекангизга қараш йўқ?
Кумушдан минг ўргилиб,
Зайнабдан ҳол сўраш йўқ…

Ўзини зиёлиман деган ўзбек ўқувчиси борки, “Ўткан кунлар” романини ўқиган, уққан, мағзини чаққан. Одатда, асарни ўқиб бўлиши билан ўқувчи қалбини Кумушга нисбатан муҳаббат ва ачиниш ҳиссию Зайнабга нисбатан нафрат туйғуси қамраб олади. М. Юсуф шеърлари эса ўқувчининг ана ўша илк муносабатига таҳрир киритади, ҳаммасини бошқатдан ўйлаб кўришга, Зайнабни ҳам бир инсон ўлароқ тушунишга ундайди. Бунинг учун эса воқеликка айнан Зайнаб кўзидан қараш талаб этилади. Бу, Зайнабнинг мудҳиш қилмишини оқлашга интилиш эмас, балки у тушиб қолган вазият чигаллигини ва кундошли аёл бошига ёғилган шўриш залворини юрак-юракдан ҳис қилишга даъват этиш деганидир.
Марғилонда Кумушни кўрдим,
Кўзига ёш олиб турибди.
Сочарини майдалаб ўриб,
Отабекни излаб юрибди... 

      “Кумуш” деб номланган шеърида шоир ана шундай манзарани чизади. Бу билан эса ўқувчи хаёлини яна ўша буюк севги қиссасига, бағоят гўзал ва садоқатли Кумуш образига – сочини майда ўриб, кўзи тўла ёш билан Марғилонда Отабекни излаб юрган Кумушга қаратади. Натижада ўқувчи кўз ўнгида яна “Ўткан кунлар” романи воқеалари, қаҳрамонлари жонланади-да, беихтиёр, асарнинг бадиий олами чашмасидан эстетик дид эҳтиёжи чанқоқлигини қондириб олади.

 Яна ўша савол: нега шоирнинг Зайнабнинг ёнини олиши ўқувчига қаттиқ ботмади?.. Чунки шоир этик нормаларга риоя қилиб иш кўрган эди. Қилични чиқариб, ўнгу сўлга сермамаганди. Бас, Зайнабни тушуниш ва ёнини олиш Қодирийга тош отишга айланиб кетмаганди. Демак, Қодирий билан баҳслашга бўлар эканми? Бўлганда қандоқ. Истасангиз, Қодирий асарларини мутлақо қабул қилманг. Бироқ йўлини топиб айтинг буни. Айни дамда, Қодирийнинг миллат маданияти ва адабиёти тарихидаги ўрни ва аҳамиятини инкор ҳам  қилманг. Қодирий асарларини ёқтирмасликка ҳаққингиз бор, лекин қилган хизматларини инкор қилишга ҳаққингиз йўқ. Қодирий ўз сафдошлари – Беҳбудий, Фитрат, Ҳамза, Чўлпонлар билан бирга Навоий ва Бобурдан қарийб 400 йил кейин ўзбек адабиётини янгилаб берган асосчи-адибдир. Ҳозир, сиз билан биз ҳам ана ўша жадид боболар солиб кетган йўлдан юриб қоғоз қоралаяпмиз –  мақолалар ёзяпмиз, ҳикояю романлар битяпмиз. Бугунги кунда ўзбек адабиётида бўлиши мумкин барча янгиликлар, асосан,  ана шу Иккинчи юксалиш – жадидлар асос солган йўл ичида содир бўлмоқда. Эсли-хушли одам ўзи ўтирган шохни кесмайди. Бас, шундай экан, адабиёт бизнинггина оламимиздан, симпатия ва антипатиямиз иборат эмас. Объектив бўлолмасак, субъектив фикримизни мутлақ ҳақиқат сифатида ўзгаларга тиқиштирмайлик.

Демак, жадидлар – халқимиз тарихида мислсиз прогрессив роль ўйнаган авлод.  Ҳа, хатолари бор эди уларнинг ҳам, лекин “хатоси”ни кўрган кўзимиз нега уларнинг “тўғриси”га келганда юмилиб қоляпти? Улар Ғарбга эргашган вақтда Ғарб чиндан-да илғор эди, ҳозир ҳам илғор. Шарқ эса, тараққиётнинг барча жабҳаларида чидаб бўлмас даражадаги инқирозни бошидан кечираётган эди. Шундай пайтда Ғарбга эргашиб, улардан ўрганишнинг нима ёмон томони бор – мен тушунмайман. Бугун эргашмаяпмизми ўша Ғарбга? Бугун эҳтиёжимиз йўқми ўрганишга!?.. Илм Чинда бўлса ҳам бориб ўрган, демаганмиди улуғлар?... Инсоният тарихига тафаккур нигоҳини ташласангиз, аён бўладики, цивилизиация ҳамиша “кўчиб” юрган. Қачондир (Ўрта асрларда) тараққиёт йўлларини бутун дунёга Шарқ кўрсатган эса, кейинги 600 йил мобайнида бу вазифани асосан Ғарб удда қилиб келди. Шундай пайтда жадид боболаримизнинг битта кўзи Ғарбга қаратилгани энг тўғри йўл бўлган. Ғарбга эргашиш дегани эътиқоддану ўзликдан воз кечиш дегани эмас, балки биринчи галда, илғорликка, тараққиётга, инсон зотига муносиб ҳаёт тарзига интилиш дегани эди жадидлар учун. Ҳозир ҳам шундай.

Хулоса шуки, улуғларни асраш керак.  Ўз улуғларини асрай олмаган эл ўзгаларнинг улуғларини алқаб қолади. Чунки миллатнинг улуғлари шу эл ва унинг мамлакатини тутиб турган устунлардир. Уларни бирин-сирин йиқитар эканмиз, алалоқибат, миллат деган “ўтов” қулайди. “Мен йиқитмаяпман”, дея  кўрманг, улуғлар хизматларини йўққа чиқариш уларнинг оёғига болта уришдан ўзга иш эмас. Бас, устунларни йиқитмоқчи бўлганларга “тўхта!” дейиш эса шу миллатнинг ҳар бир уйғоқ фарзанди вазифасидир.

А.Малик, шубҳасиз, истеъдодли ижодкор ва тадқиқотчи. Бироқ истеъдод тўғри ишга ҳам, нотўғрига ҳам бирдек хизмат қилиши мумкинлигини унутмайлик. Мен унинг истеъдоди миллатнинг жипслигию қувватланишига сарф бўлиши тарафдориман. Зеро, қодирийлар турган чўққига уларни “қулатиб” эмас, балки улар каби соғлом хизмат қилибгина чиқиб бориш мумкин.
Акром Малик таниқли журналист Илёс Сафаров саволларига жавоб берар экан, интервью якунида бир гап айтди – хато қилган бўлсам, кечириб, йўл кўрсатинглар, деди. Шу мурожаатга ишониб кўпчилик қўллаб-қувватловчи фикр-мулоҳазалар ёзди.

“Тўғри йўлни мана – биз биламиз” дейишдан йироқмиз, албатта, лекин у тутган йўлнинг янглиш эканлигига ҳам шубҳа йўқ. Энди шунча баҳсу мунозаралардан, ёзилганлардан хулоса чиқариш ё чиқармаслик яна ўзимизга – барчамизга тан.

 Улуғбек Ҳамдам, 
2023 йил, декабрь
Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan