Қуёш панеллари фойдаланувчиларига солиқ имтиёзлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларидан фойдаланаётган юридик ва жисмоний шахсларга солиқ имтиёзлари берилади.

Қарорга кўра, умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган ва улардан фойдаланувчи шахслар, улар фойдаланишга топширилган кундан эътиборан 3 йил муддатга:

ушбу қурилмалар бўйича — юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни, алоҳида турувчи қурилмалар билан банд бўлган ер участкалари бўйича — юридик шахслардан олинадиган ер солиғини, электр энергиясини умумий тармоққа сотишдан олинган фойда бўйича — фойда солиғини;

уй-жой фондининг кўчмас мулк объектлари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан озод этилади.

Агар қурилмалар ўрнатилаётган қуёш панеллари қувватининг 25 фоизидан кам бўлмаган қувватни ташкил этадиган электр энергиясини сақлаш тизими билан ўрнатилган бўлса, юқорида назарда тутилган солиқ имтиёзлари улар фойдаланишга топширилган кундан бошлаб 10 йил муддатга қўлланилади.

Қайд этилган солиқ имтиёзлари жисмоний шахсларга улар томонидан умумий қуввати 1 кВтдан ортиқ бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари ўрнатилганда ҳар бир объект бўйича 1 маротаба қўлланилади.

Бунда солиқ имтиёзларининг йиллик миқдори жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи бўйича — базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваридан, жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича эса — базавий ҳисоблаш миқдоридан ошмаслиги лозим.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan