Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш масалалари муҳокама қилинди
Олий Мажлис Сенати Кенгашининг видеоконференцалоқа тарзида мажлиси бўлиб ўтди. Уни парламент юқори палатаси Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.
Мажлисда Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш муҳокама қилиниб, секторлар раҳбарларининг бу борадаги ишлари юзасидан ҳисоботлари эшитилди.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг 8-10 июнь кунлари Олий Мажлис Сенати ишчи гуруҳи томонидан Сурхондарё вилояти секторлари раҳбарларига бириктирилган ҳудудлардан танлов асосида биттадан туман – Бойсун, Шеробод, Музработ, Қумқўрғон туманларида секторлар фаолияти ўрганилди. Ўрганиш ишларига ҳудуддаги сенаторлар ҳам жалб этилиб, жойларда аҳоли кайфиятига салбий таъсир этаётган муаммоларни аниқлаш мақсадида туман Кенгашлари депутатлари билан бевосита мулоқотлар олиб борилди. Шунингдек, Ишчи гуруҳ томонидан ўрганиш давомида вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш кўрсаткичлари таҳлил қилинди.
Хусусан, 2020 йил I чоракда вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 4 трлн. 78 млрд. сўмни, ўсиш суръатлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 107,1 фоизни ташкил этган. Вилоят иқтисодиётига ҳисобот даврида молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобидан 1 трлн. 657,2 млрд. сўм миқдорида капитал қўйилмалар жалб этилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 128 фоизга бажарилган.
Бундан ташқари, вилоятдаги 207 та корхона томонидан 31 та хорижий давлатга 49 млн. 645,4 минг АҚШ доллари қийматидаги маҳсулотлар экспорти амалга оширилган ва ўсиш суръати 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 123,3 фоизни ташкил этган.
Шу билан бирга, жойларда секторлар томонидан аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш, фуқаролар учун сайёр қабулларда кўтарилаётган масалаларни ҳал этиш, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш юзасидан олиб борилаётган ишларга урғу берилди.
Мажлисда сенаторлар томонидан вилоятдаги барча секторлар фаолияти самарали ташкил этилмаганлиги, бу борадаги ишлар ҳали тўлиқ тизимли йўлга қўйилмаганлиги таъкидланди. Жумладан, айрим секторларда аҳоли томонидан кўтарилаётган, уларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ишларига юзаки ёндашилган.
Бундан ташқари, Музработ туманидаги “Алпомиш” МФЙ Денов қишлоғида аҳоли сонининг кўплиги боис мактаб муаммоси мавжудлиги, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида фуқароларни иш билан таъминлаш борасида қайд этилган ишлар бўйича айрим маълумотлар ўз тасдиғини топмагани танқид қилинди.
Яна бир жиҳат, Бойсун туманининг 1-сектори ҳудудида 12 та лойиҳа бўйича тадбиркорларга тижорат банклари томонидан жами 6 млрд. 174 млн. сўм кредит маблағи ажратилмасдан келинмоқда.
Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тўғри йўлга қўйилмаганлиги, ҳудудда ичимлик суви, электр энергияси муаммоларини бартараф этиш, мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларини таъмирлаш ва қуриш, фаолияти тўхтаган корхоналарни қайта тиклаш бўйича зарур чораларни кўриш, экспорт бўйича прогноз кўрсаткичлар ижроси юзасидан тадбиркорларга ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, мажлисда секторлар раҳбарларининг вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш борасида ҳисоботлари эшитилди.
Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенати Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати