Давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йил 6 сентябрь куни “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоб тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган эди.
Ушбу ҳужжатга асосан нақд пул тушумига эга тадбиркорлик субъектлари онлайн назорат касса машиналари ёки виртуал кассадан фойдаланишга босқичма-босқич ўтказилиши белгиланган.
Сурхондарё вилояти давлат солиқ хизмати органлари томонидан олиб борилаётган ишлар натижасида вилоят бўйича 2083 тага яқин алкоголь, тамаки, дори воситалари савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари, дўконлар ва автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларига онлайн назорат-касса машиналари ўрнатилди. 2020 йил 1 августдан бошлаб эса ўтган йил якунлари бўйича йиллик обороти (тушуми) беш миллиард сўмдан ошган тадбиркорлик субъектлари ҳам онлайн назорат-касса машиналаридан фойдаланишлари талаб этилади.
Онлайн назорат касса машиналарини қўллаш талабларига риоя этмаётган тадбиркорларга Давлат солиқ хизмати органлари ходимлари жойига чиққан ҳолда тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб боришмоқда.
– Биз жойларда тадбиркорлик субъектларига ташриф буюриб уларга онлайн назорат касса машинаси ёки виртуал кассадан фойдаланиш тартибларига қатъий риоя этишлари кераклиги ҳақида тушунтиришлар беряпмиз, -дейди Сурхондарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси ходими Акмал Алтибоев. — Савдо фаолияти давомида харидорга чек беришни рад этса, тўлов терминалисиз ёки касса аппаратисиз савдо фаолиятини амалга оширса Ўзбекистон Республикаси солиқ кодексининг 221-моддасига асосан беш миллион сўм миқдорида молиявий жарима қўлланилишига сабаб бўлиши ҳақида маълумотлар бераяпмиз. Жойларда тадбиркорлик субъектларида бу каби тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб боришимиздан мақсадимиз солиққа оид ҳуқуқбузарликларининг олдини олишдир.
Солиқ ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларида олиб борилаётган тарғибот ва ташвиқот ишлари жараёнида онлайн назорат касса машинаси афзаллиги кенг тушунтирилмоқда. Хусусан, эндиликда назорат-касса дафтарини юритмаслик, иш куни охирида ҳар бир назорат касса машинаси бўйича кунлик ҳисоботни чиқариб олиш каби мажбуриятларни бажармаслик, кунлик ўртача нақд пул тушуми миқдоридан қатъий назар нақд пулни банк кассаларига инкассация хизматлари орқали тадбиркорнинг ўз белгилаган даврларда ёки мустақил равишда топшириши мумкинлиги каби бир қатор янгиликлар ҳақида маълумотлар берилмоқда.
Бу каби тарғибот ишлари вилоятнинг барча ҳудудларида узлуксиз амалга оширилмоқда.
Сурхондарё вилояти ДСБ Матбуот хизмати