Бугунги кунга келиб одам савдоси сингари трансмиллий жиноятларнинг инсон хавфсизлигига ҳуруж қилаётгани боис, улардан жабр чекаётганлар, афсуски, кўпчиликни ташкил этади. Ҳудуд ва чегара билмайдиган бу жиноятларнинг ҳар бири жамият тараққиёти ва давлат ривожига жиддий хавф солмоқда. Улар орасида, айниқса чақалоқ савдосидек оғир жиноят инсон тақдири ва келажагини оёқ ости қилиши билан нақадар жирканч кўринишга эга эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Бугунги кунда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар камайган бўлса-да, бу йўналишда содир этилган умумий жиноятлар орасида чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятлар юқорилигича қолмоқда.
2020 йилда республика миқиёсида чақалоқ савдоси жиноятларининг аксарияти бевосита чақалоқнинг онаси томонидан содир этилгани, жиноятларнинг 12,2 фоизи эса чақалоқнинг туғилишида иштирок этган тиббий ходимлар воситачилигида амалга оширилаётганлиги жуда ачинарли.
Шунингдек, чақалоқ савдосига оид жиноят содир қилганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 135-моддаси 3-қисмининг
“а” банди бўйича жавобгарлик белгиланиб, ушбу модда санкциясида саккиз йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
Хулоса қилиб айтганда, одам савдоси, унинг инсоний ҳуқуқ ва эркинликларини ғайриқонуний ва ахлоқий равишда айнан инсон томонидан камситилиши, йўққа чиқарилиши- кечириб бўлмас жиноятдир.
Аббос Рахматов,
Жиноят ишлари бўйича Бойсун туман судининг раиси