Бу саволга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мутахассиси Ҳикматуллоҳ Тоштемиров жавоб берди:
– Карантин шароитида, яъни масжидларда жума намози ўқилмаётган кунларда пешин намозини уйда, оила аъзолари билан жамоат бўлиб ўқиш жоиз.
Жумладан, шу кунларда масжидларимиз карантин сабабли ёпилгани учун жума намози ўрнига уйда пешин намози ўқилмоқда. Фиқҳий манбаларимизга эътибор қаратсак, масжидларда жума намози ўқилиб турганда уйда пешинни жамоат бўлиб ўқиш макруҳлиги баён қилинган: “Шаҳарда узрли (маҳбус, мусофир) ва узрсиз (баъзи сабаблар билан жума намозидан қолиб кетган) кишиларнинг, имом жумани ўқиб бўлишдан аввал ёки кейин, уйда пешинни жамоат бўлиб ўқишлари макруҳдир” (“Ал-Фатовол ҳиндия” китоби).
Чунки бу ишларда жуманинг жамоатини камайтириш ва жумани адо қилиш буйруғига қарши чиқиш бор (“Фатҳу бобил иноя” китоби).
Карантин шароитида эса аҳли аёли ва фарзандлари билан пешинни жамоат бўлиб ўқишда жуманинг жамоатини камайтириш ҳам, буйруққа қарши йўл тутиш ҳам йўқ. Чунки масжидлар вақтинчалик фаолияти тўхтатилган ва жумалар адо этилмаётган бир пайтда уйда намоз ўқувчилар жума намозининг вақти (тахминан 13:00-13:15 гача) ўтишини кутиб ўтиришида ҳам маъно йўқ.
Киши аҳли аёли билан жамоат бўлиб намоз ўқиши ҳақида Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтадилар: Мен Пайғамбаримиз (с.а.в.) ёнларида туриб намоз ўқидим Оиша онамиз эса орқада ўқидилар. (Имом Аҳмад ривоятлари).
Анас разияллоҳу анҳу: “Мен ва бир етим бола бизнинг уйимизда Пайғамбаримиз (с.а.в.) билан намоз ўқидик, онам Умму Сулайм орқамизда турдилар”, – дедилар.
Мазкур ҳадислардан маълум бўладики киши уйида аҳли аёли билан жамоат бўлиб намоз ўқиши мумкин ва бу ҳолатда аёллар орқа сафда туриши лозим экан. Валлоҳу аълам.
Izoh qoldiring
Sizning elektron pochta manzilingiz nashr etilmaydi. Majburiy maydonlar * bilan belgilangan