Солиқлар мамлакатимиз иқтисодиётининг жадал ривожланишини таъминлайдиган манбалардан бири ҳисобланади.
Муддатида тўланмаган ёки солиқ суммасининг тўлови кечиктирилган ҳар бир кун учун қонунчиликда белгиланган тартибда устама жарима (пеня) ҳисобланиши, қарздорлик эса мажбурий тартибида ундирилиши белгилаб қўйилган.
Қумқўрғон туманида фаолият юритиб келаётган “Қумқўрғон СИУ” жамияти раҳбарияти 130 миллион 722 минг сўм солиқ қарздорлигини ўз вақтида тўлашдан бўйин товлаб келганлиги сабабли, туман Давлат солиқ инспексиясининг қарорларига асосан солиқ қарздорлигини ундириш белгиланди.
Мазкур ижро ҳужжати Бюронинг туман бўлими иш юритувига қабул қилиниб, қарздор жамиятнинг барча ҳисоб рақамларига банд солинди.
Шунингдек, солиқ қарздорлиги ўз вақтида тўлаб берилмаганлиги сабабли, қарздор жамиятга тегишли бўлган туманнинг “Арпапоя” маҳалласида жойлашган “Хаммом бино”си хатловга олиниб, онлайн аукцион савдоларига чиқарилди ва натижада ушбу бино 144 миллион 789 минг сўмга харидор топилди.
Бюронинг туман бўлими томонидан ундирилган пул маблағлари ижро ҳужжатлари бўйича солиқ қарздорлигига йўналтирилди ҳамда қарздор жамиятга нисбатан қўлланилган барча чеклов чоралари бекор қилинди.
Фазлиддин Тошбоев,
Бюронинг Қумқўрғон туман бўлими давлат ижрочиси