Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (ИПК)нинг 336-моддасига мувофиқ, суд ҳужжатининг ижроси суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида амалга оширилади. Суд томонидан берилган, ундирувчининг суд ҳужжатини мажбурий тартибда ижро эттириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ижро варақасидир. ИПКнинг 336-моддасига асосан, суд ҳужжатини қабул қилган суд томонидан битта ижро варақаси берилади. Бироқ, суд ҳужжатини ижро этиш турли жойларда ёхуд бир нечта ундирувчи фойдасига амалга оширилиши керак бўлса, суд ундирувчиларнинг илтимосига кўра ижро этиш жойи ёхуд суд ҳужжатининг ушбу ижро варақаси бўйича ижро этилиши лозим бўлган қисмини кўрсатган ҳолда бир нечта ижро варақасини бериши мумкин. Ижро варақасида қуйидагилар кўрсатилади: ижро варақасини берган суднинг номи ижро этилиши лозим бўлган суд ҳужжати қабул қилинган сана, суд ҳужжатининг хулоса қисми, ижро варақасини ижро этиш тартиби ва усули, агар бу ҳақида суд ҳужжатида кўрсатилган бўлса ижро варақаси берилган иш ва унинг рақами, ундирувчининг ва қарздорнинг номи, уларнинг жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи, суд ҳужжати кучга кирган сана, ижро варақаси берилган сана ва уни ижрога тақдим этиш муддати.
Шунингдек, пул суммаларини бир неча жавобгардан ундириш тўғрисидаги суд ҳужжати асосида жавобгарларнинг сони бўйича бир нечта ижро варақаси берилади. Бунда, агар солидар жавобгарлардан ундириш назарда тутилаётган бўлса, ҳар бир ижро варақасида ундирувнинг умумий суммаси кўрсатилиши ва солидар жавобгар эканлиги кўрсатилган ҳолда жавобгарларнинг ҳаммаси санаб ўтилиши керак. Ижро варақаси суд ҳужжатини қабул қилган суд томонидан берилади. Суд ҳужжати қонуний кучга кирганидан сўнг беш кун ичида ижро варақаси ундирувчига берилади ёки унинг илтимосномасига кўра давлат ижрочисига ижро этиш учун юборилади. Бюджетга маблағларни ундириш учун ижро варақаси қарздор турган жойдаги давлат ижрочисига суд ҳужжати қонуний кучга кирганидан сўнг беш кун ичида юборилади. Ижро варақаси электрон ҳужжат шаклида юборилиши мумкин. Ижро варақаси судья томонидан имзоланади ва суднинг гербли муҳри билан тасдиқланади. Ижро ҳужжатларини ижрога топшириш муддатлари қуйидагича: умумий юрисдикция судларининг суд ҳужжатлари асосида бериладиган ижро варақалари уч йил мобайнида, иқтисодий судларнинг суд ҳужжатлари эса 6 ой мобайнида, ҳакамлик судининг қарорларини мажбурий ижро этиш тўғрисидаги суд ҳужжатлари асосида бериладиган ижро варақалари 6 ой мобайнида, нотариусларнинг ижро хатлари 3 йил мобайнида, меҳнат низолари комиссияларининг гувоҳномалари 3 ой мобайнида, ишларни маъмурий тартибда кўриш ваколатига эга органларнинг (мансабдор шахсларнинг) қарорлари 3 ой мобайнида.
Ижро ҳужжатини ижрога топшириш муддати ижро ҳужжати ижрога топширилганда ёки ижро ҳужжати қарздор томонидан қисман ижро этилганда узилади. Ижро ҳужжатини ижрога топшириш муддати узилгандан сўнг муддатнинг ўтиш даври янгидан бошланади. Муддат узилгунга қадар ўтган вақт янги муддат ҳисобига киритилмайди. Ижро ҳужжати уни тўлиқ ёки қисман ижро этишнинг имконияти йўқлиги сабабли ундирувчига қайтарилган тақдирда, уни ижрога топшириш муддати узилгандан кейин ижро ҳужжати ундирувчига қайтарилган кундан бошлаб ҳисобланади. ИПКнинг 341-моддасига кўра ижро варақаси (суд буйруғи) йўқотилган тақдирда, уни берган суд ундирувчининг аризасига кўра, ижро варақасининг (суд буйруғининг) дубликатини бериши мумкин. Ижро варақасининг (суд буйруғининг) дубликатини бериш тўғрисидаги ариза ижро варақасини (суд буйруғини) ижрога тақдим этиш учун белгиланган муддат ўтгунига қадар берилади ва ариза судга келиб тушган кундан эътиборан бир ойлик муддатда суд мажлисида, ундирувчи ва қарздор суд мажлисининг жойи ва вақти ҳақида тегишли равишда хабардор қилинган ҳолда кўриб чиқилади. Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган мазкур шахсларнинг келмаганлиги, аризани кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди. Аризани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилади, унинг кўчирма нусхаси ундирувчи ва қарздорга юборилади. Ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
А.Қиличев Термиз туманлараро иқтисодий суди девонхона мудири