АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин простата саратонига чалингани айтилди

2023 йил декабрь ойида мутахассислар АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остинга простата саратони ташхисини қўйиб, унда жарроҳлик амалиётини ўтказди. Январь ойи бошида эса Пентагон раҳбари операция асоратлари туфайли шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда Мериленд штатидаги Уолтер Рид тиббиёт маркази баёнотига таяниб Meduza хабар берди.

Маълум қилинишича, 2023 йил декабрь ойининг бошларида ўтказилган навбатдаги текширув вақтида Остинга “даволанишни талаб қилувчи простата саратони” ташхиси қўйилган. Шу муносабат билан, 22 декабрь куни унда “минимал инвазив” жарроҳлик операцияси ўтказилган.

Мутахассисларнинг хабар беришича, 2024 йил 1 январда вазир Остин декабрдаги процедурадан кейинги асоратлар, жумладан қорин, сон ва оёқлардаги кучли оғриқлар ва бош айланиши туфайли Уолтер Рид тиббиёт марказига ётқизилган.
“Дастлабки текширувда сийдик йўллари инфекцияси аниқланди”, дейилади марказ хабарида.

2 январь куни бемор реанимация бўлимига ўтказилган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Остин тузалмоқда ва улар вазирнинг “тўлиқ соғайиб кетишини” кутмоқда. Марказнинг аниқлик киритишича, бу узоқ жараён бўлиши мумкин.
Шифокорларнинг ишонтиришича, январь ойида шифохонага ётқизилганидан бери вазир “ҳеч қачон ҳушини йўқотмаган ёки умумий беҳушлик остида бўлмаган”.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan