Энди Тошкентда ҳар ойнинг тўртинчи чоршанбаси “Автомобилсиз кун” бўлади

Энди Тошкент шаҳрида ҳар ойнинг тўртинчи чоршанба куни “Автомобилсиз кун” сифатида ўтказилади. Бу Ўзбекистон  Президентининг жорий йил 21 февралдаги 37-сон Фармонига асосан амалга оширилади, дея хабар қилмоқда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришлари вазирлиги матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, автомобилсиз ҳаракатланишни тарғиб қилишдан кўзланган асосий мақсад, энг аввало, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, шунингдек, атроф-муҳитни автомобиллардан чиқувчи зарарли газлардан ҳимоя қилиш, катта шаҳарларда автомобил тирбандлигини камайтириш, жамоат транспорти тизимини ривожлаштириш масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳар бир инсоннинг фуқаролик бурчи эканлигини таъкидлашдир.

“Бутунжаҳон автомобилсиз куни” (World Carfree Day) ҳар йили 22 сентябрда дунёнинг 50 га яқин мамлакатидаги 2 мингдан ортиқ шаҳар, жумладан, Европа Иттифоқи давлатлари, Япония, Бразилия, Канада каби давлатларнинг пойтахт ва йирик шаҳарларида ўтказиб келинмоқда. Шу билан бирга, Франсия (Париж), Индонезия (Жакарта) ва Руанда (Кигали) каби мамлакатларнинг пойтахтларида “автомобилсиз кун” тадбири мунтазам равишда ташкил этилади.  

Тошкент шаҳрида давлат идоралари раҳбарлари ва ходимларининг жамоат транспортидан фойдаланиши орқали ойда бир кун давомида шаҳарда юрадиган автотранспорт воситалари сони ўртача 200 минг (22-25 фоиз)га камаяди. Натижада атмосфера ҳавосига автомобиллардан зарарли ташламалар ҳам 22-25 фоизга (ўртача 580 тоннага) қисқаради ҳамда  шаҳар ичидаги тирбандликлар камайишига эришилади. 

Тошкент шаҳрида жойлашган барча республика ва ҳудудий ижро этувчи ҳокимият органларининг раҳбар ва бошқа ходимлари иш жойига жамоат транспортида келиши орқали намуна кўрсатиб боради. 

Бу 2024 йилнинг 24 апрель, 22 май, 26 июнь, 24 июль, 28 август, 25 сентябрь, 23 октябрь, 27 ноябрь ва 25 декабрь кунларига тўғри келади.

Бугунги кунда экологик тоза жамоат транспорти – электробусларни кенг жорий этиш, метронинг янги линияларини ишга тушириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, велойўлаклар ҳам қурилиб ишга туширилмоқда. Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, фақат жамоат транспортини ривожлантирибгина шаҳарда автомобил тирбандлиги муаммосини ҳал қилиш мумкин. 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan