Футбол бўйича УEФА Миллатлар Лигасининг 2-туридан ўрин олган 6-сентябрь, якшанба кунги ўйинлар ўз якунига етди
.Испания терма жамоаси ўз уйида Украинани қабул қилди ва йирик ҳисобдаги ғалабани қўлга киритди. Испанлар илк дақиқалардаёқ пеналти ишлаб олди, уни Серхио Рамос муваффақиятли бажарди. 29-дақиқада Рамос боши билан украинлар дарвозасини ишғол этган ҳолда, дублини нишонлади.
Орадан уч дақиқа ўтиб Ансу Фати узоқ масофадан аниқ зарба йўллаб, Испания терма жамоаси сафидаги дебют голини урди. 84-дақиқада Ферран Торрес испанларнинг тўртинчи голини урди.
Параллел кечган учрашувда Германия терма жамоаси Швейцарияга қарши баҳс юритди. 14-дақиқада Илкай Гундўған жарима майдони ташқарисидан дарвозани ишғол қилди. Бунга майдон эгалари 58-дақиқада Силван Видмернинг голи билан жавоб қайтарди.
Шу тариқа немислар мусобақадаги ғалабасиз юришини давом эттирди. А Лига 4-гуруҳида 2-турдан кейин Испания 4 очко билан пешқадамга айланди. Украина (3) иккинчи ўриндан жой олган бўлса, Германия (2) ва Швейцария (1) кейинги поғоналарни банд этган.