Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментнинг Шеробод туман бўлими томонидан Шеробод тиббиёт бирлашмасида ўтказилган терговолди текшириш ўтказилди. Маълум бўлишича, бирлашма бош ҳисобчиси М.Ҳ. ва бошқалар мансабидан фойдаланиб, 2019-2020 йиллар давомида 62 ҳолатда 62,3 млн. сўм бюджет маблағларини бирлашма ишчи-ходимларига асоссиз равишда моддий ёрдам, моддий рағбатлантириш ва ортиқча иш ҳақи сифатида қўшиб ёзган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30.07.2020 йилдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кураш, аҳолининг санитария-эпидемиология осойишталиги ва саломатлигини сақлашга жалб қилинган тез тиббий ёрдам ходимларини қўшимча моддий рағбатлантириш тўғрисида”ги 458-сонли қарорига зид равишда 17 нафар ходимга 46,7 млн. сўм моддий рағбатлантириш тўловлари асоссиз берилган. Натижасида, жами 109,0 млн сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.