Икки йил муқаддам қидирувга берилган қарздор ота яшаш хонадонининг “ертўласи” дан топилди.

Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси қидирув шуъбаси инспекторлари ҳамда Бюронинг Ангор туман бўлими томонидан олиб борилган навбатдаги тадбир давомида фарзандининг моддий таъминотидан бўйин товлаб икки йил муқаддам қидирувга берилган қарздор ота яшаш хонадонининг “ертўласи” дан топилди.

Гап шундаки, Ангор туманида яшовчи фуқаро Фурқат Мўминов турмуш ўртоғи билан ажрашгандан сўнг, 2019 йил январь ойидаги суд буйруғига асосан вояга етмаган 3 нафар норасида фарзандларининг моддий таъминотига масъул этиб белгиланади. Бироқ, масъулиятни ҳис қилмаган қарздор ота алимент тўлашдан бўйин товлаб, алимент тўламасликни ўзига касб қилиб олди вояга етмаган фарзандлардан маблағини қизғанди.

Қидирувда бўлган қарздор Ф.Мўминов ҳақида олинган маълумотлар асосида Мажбурий ижро бюроси Ангор туман бўлими давлат ижрочиси бўлиб ишлаб келаётган Сайёра Тожиева қарздорнинг яшаш манзилига бориб, яқинларига ижро иши ҳақида тушунтириш берди. Афсуски, бу тушунтиришлар кор қилмаганлиги сабабли хонадондаги қорамол хатловга олиш жараёнида тўсатдан кутилмаган ҳолат юз берди.

Мол аччиғи жон аччиғи деганларидек, қорамолидан айрилишини истамаган хонадон эгалари қарздорни уйнинг “ертўласи”да яшириниб олганини билдирди.
  Кимдир тирноққа зор, кимлар боладан безор…. афсус шунда ҳам алимент тўлашни истамаган қарздор ота иши жиноят ишлари бўйича Ангор туман судида кўриб чиқилиб, 51 миллион сўмдан ортиқ алимент қарздорлиги сабаб 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Ушбу қўлланилган маъмурий жазодан ўзига тегишли хулоса чиқармаса жиноий жавобгарлик масаласи ҳал этилиши ҳақида огоҳлантирилди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan