Мирзиёев Сергелидаги Ёшлар боғига кўчат экди

Бугун, 19 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги Сергели туманида ташкил этилаётган Ёшлар боғига кўчат ўтқазди.

Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбарига боғ лойиҳаси ҳақида ахборот берилган. Унинг майдони 75 гектардан зиёд бўлиб, ҳудуди жиҳатидан пойтахтда «Янги Ўзбекистон» боғидан кейин иккинчи ўринни эгаллайди. 
Боғ еттита катта ҳудудга бўлинади.

Марказий хиёбонда турли майдонлар, минг ўринли очиқ амфитеатр, миллий ва халқаро гастрономик зоналар барпо этилади.
Маълум қилинишича, очиқ ҳавода овқатланиш ва қизиқарли машғулотлар учун алоҳида жойлар бўлади. Мусиқий фавворалар, очиқ осмон остидаги кинотеатр, санъат кўргазмалари ва лазер-шоу имкониятлари яратилади. Болалар учун спорт ва ўйин майдонлари, машҳур эртаклардаги қишлоқлар, устахона, кутубхона ташкил этилади.

Сунъий кўл, каноэ ва сузиш ҳавзаси, балиқ ови дам олувчиларга ҳузурбахш бўлади.
19 март куни Тошкент шаҳри жамоатчилиги, давлат ташкилотлари ва дипломатик корпус вакиллари, ёшлар иштирокида боққа кўчатлар экилди.

Президент боғ лойиҳасида қатнашаётган инвестор ва лойиҳачилар, чет эллик дипломатлар билан мулоқот қилди.

«Халқимиз қаерда бўлса, дарахт экишга интилган. Амир Темур Самарқанд атрофида сўлим боғлар барпо этган, бошқа шаҳарларни ҳам обод қилган. Буюк боболаримизга муносиб бўлиб, бу ишларни қилаяпмиз», деган Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари боққа борган фуқаролар билан суҳбатлашиб, уларни Наврўз билан табриклади.

Боққа биринчи босқичда минг тупдан зиёд каштан, эман, шарқий чинор, қизил куртак, магнолия, гужум каби манзарали дарахтлар ҳамда бута ва гуллар экилади. Лойиҳа якунига қадар уларнинг сони 20 минг тупга етади.

Қайд этилишича, боғ фойдаланишга топширилиши билан 350 тадан ортиқ иш ўрни яратилади.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan