Термиз иқтисодиёт ва сервис университетида талабалар учун маҳорат дарси ташкил этилди

Сурхондарё вилояти солиқ бошқармаси ва Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ходимлари, Бизнес омбудсманнинг вилоятдаги вакили ҳамда фаол тадбиркорлар иштирокида ТИСУ талабалари учун маҳорат дарси ташкил этилди.

Унда тадбиркорларнинг юрт ривожи ва иқтисодий барқарорликни таъминлашдаги муҳим ўрни, мамлакатимизда ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш мақсадида берилаётган кенг имкониятлар хусусида сўз борди.

Йиғилганларга Президентимизнинг 2024-йил 23-январдаги “Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти тушунтирилиб, тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари тингланди.

“Сурхондарё оби ҳаёт” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Эшқора Эшқораев тадбиркорликдаги энг муҳим ва бирламчи мезон – ҳалоллик эканлигини таъкидлаб, “Ҳалоллик бор жойда барака бўлади. Барқарорлик рейтинги эса тадбиркорлар фаолиятини баҳоловчи, солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ва тўғри бажаришга ундовчи дастуриламал” – дея қайд этди.

Шунингдек, талабаларга ўз бизнесини йўлга қўйишдан олдин тадбиркорлик фаолиятига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан яқиндан танишиш, бизнес ривожида ҳуқуқий саводхонликнинг муҳим аҳамияти тушунтириб ўтилди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan